24 Январь 2020
Ижодий ҳамкорликнинг янги қирралари

Сўнгги йилларда Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби халқаро ҳамкорлик соҳасида бирмунча муваффақиятларни қўлга киритди. Хорижий тажрибани ўрганиш ва ўзлаштириш, таълимнинг инновацион услубларини жорий этиш мақсадида хореография соҳасидаги етакчи таълим муассасалари, яъни Москва давлат хореография Академияси, Санкт-Петербургдаги А.Я.Ваганова номидаги Рус балети Академияси, Қозоғистон миллий хореография Академияси, Пекин рақс Академияси билан ижодий ҳамкорлик олиб бориш бўйича шартномалар тузилган.

Жорий йилнинг 20-21 январь кунлари Олий мактаб ректори Тохтасимов Шухрат Махмутович Белоруссия давлат маданият ва санъат университети раҳбариятининг таклифига биноан, иккита ижодий олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Минск шаҳрига ташриф буюрди.

Белоруссия давлат маданият ва санъат университети Беларусь Республикасининг жадал суръатлар билан ривожланиб келаётган таълим муассасаларидан бири бўлиб, ижодий соҳанинг турли йўналишлари, хусусан, хореография санъати учун мутахассислар тайёрлаб келмоқда. Университет ректори Алина Анатолиевна Корбут билан бўлиб ўтган музокараларда ижодий ҳамкорлик масалалари, хусусан, хореография таълими соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва мутахассисларни стажировкасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Илмий ишлар бўйича проректор, фалсафа фанлари номзоди Виктор Робертович Язикович билан бўлиб ўтган суҳбатда ҳамкорликда илмий фаолият олиб бориш – илмий конференция ва семинарлар ташкил этиш, тадқиқотлар натижасини илмий тўпламларда чоп этиш масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралар натижаси бўйича ижодий олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

 

Равшан Хуррамов

ТДМРХОМ матбуот хизмати котиби

 

 

Охирги янгиланиш: 24.02.2020 | 18:09