24 Январь 2020
ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ БИЛАН ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР САРИ

Мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар кўлами 3 йилдан буён муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этаётган мурожаатномаларида акс этиб келмоқда.

Бугун бутун республикамиз кузатган мурожаатномада юртбошимиз Ўзбекистонда 2019 йил сарҳисоби ҳамда келгусидаги устувор вазифаларнинг моҳияти бўйича сўз юритдилар. 2020 йилга "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб ном бериш таклифи давлатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳа ривожига янги пиллапоя бўлди.

Маданий ҳаётимиздаги муҳим воқеа сифатида Шахрисабз шаҳридаги II Халқаро Мақом фестивалини муваффақиятли ўтказишимиз лозимлиги белгилаб берилди. Қайд этиш жоизки, мазкур фестиваль илк маротаба ўтказилганда дунё аҳлининг мақом санъатига бўлган қизиқиши, муҳаббатини уйғунлаштириб, юксак эътирофга сазовор бўлган эди. 2020 йилда унинг нуфузи янада кенг қулоч ёйишига бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилда киномотография соҳасида бадиий жиҳатдан етук асарлар яратиш, замонавий киноиндустрияни ривожлантириш, жумладан, янги кинотеатрлар қуриш, давлат буюртмаси асосида киномаҳсулотларини ишлаб чиқаришни молиялаштиришни такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди. Бу борадаги ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида киномотографияни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ва биринчи марта киномотография тўғрисидаги Қонунни ишлаб чиқиш вазифалари берилди.

2020 йилда халқимиз тарихининг мураккаб дамларида маърифат машъалини баланд кўтариб чиққан аллома ва адиб Махмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик санаси кенг нишонланиши ниҳоятда қувонарли воқеа бўлди. Шунингдек, Буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанд бобомизнинг 700 йиллик таваллудини юқори савияда ўтказишга ҳам кўрсатма берилди.

Жорий йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда нишонланади, бу бизга нафақат уруш қурбонларини ёд этиш, балки, фахрийларимизни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг фаровон ҳаётини таъминлаш учун барча шароитларни яратиш каби масъулиятни юклайди.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан юртимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида биринчи марта “Дўстлик ҳафталиги”ни ва “Дўстлик” халқаро форум-фестивалини ўтказишни таклиф этди.

Юртбошимиз 2020 йил барчамиз учун алоҳида синов ва масъулиятли йил бўлишини таъкидладилар. Бу синов ва масъулиятнинг замирида ишонч, ҳар жабҳада ҳалолликка риоя этиш турибди. Бизга бу ишончни оқлаб, берилган вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан адо этиб, Ватан равнақини юксалтиришга бел боғлаш шарафдир!

 

 

Охирги янгиланиш: 24.02.2020 | 18:09