25 Январь 2020
“Болаларга меҳр улашайлик” хайрия тадбири

Сиз-у биз яшаб турган жамиятда инсон шаъни ва манфаати ҳар нарсадан устун. Ўз номига муносиб саховатпешалик тамойиллари асосидаги эзгулик ва яхшиликка йўғрилган мақсадли ишлар юрт тинчлиги, фарзандларимизнинг ёрқин келажагини таъминлашга қаратилгандир.

Меҳр ва эътиборга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш миллий урф-одат ва қадриятларимизда ҳам ўз ифодасини топган хайрли ишлар сирасига киради.

Меҳр-оқибат, инсонпарварлик ва саҳоватпешалик ўзбек халқига хос умрбоқий анъаналар ҳисобланади. Айниқса, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари бўлган жажжи қалб соҳибларини қувонтириш энг эзгу амаллардандир.

Мана шундай эзгу мақсадлар  Маданият вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 14-сон, ҳамда Бўка туманидаги 15-сон  меҳрибонлик уйларида “Болаларга меҳр улашайлик” номли ҳайрия тадбирларида намоён бўлди.

 Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли меҳрибонлик уйининг 130 нафар тарбияланувчиси халқимиз ардоғидаги санъаткорларимиз суҳбатларидан баҳраманд бўлиш билан бирга цирк актёрларининг қизиқарли томошаларини мароқ билан кузатишди. Ўзларидаги иқтидорни ҳам шеъру-қўшиқлар куйлаб,рақслар орқали намоён этишди.

 Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шохида Исмоилова ўзининг “Тасанно” болалар ижодий жамоаси билан ҳамкорлик қилиш учун актёрлик соҳасига қизиқиши баланд бўлган болаларни таклиф қилди.

Бўка туманидаги 15-сонли меҳрибонлик уйининг 176 нафар тарбияланувчилари учун ҳам  байрам дастурхони тайёрланиб, эл ардоғидаги санъаткорлар билан дилдан суҳбат қуриш насиб этди. Мулоқот жараёнида  болажонлар севимли актёрларининг ҳаёт йўлларида учрайдиган қийинчиликларни енгиб ўтиш, мустаҳкам ирода, матонат билан фақат олдинга интилиш, ўз мақсадалари сари дадил одимлаб, келажакда фахрли инсон бўлиб етишиш йўлидаги маслаҳатларидан руҳий қувват олишди. Суҳбатлар эса ўзаро рақсларга уланди. Ривоятлар айтилди, Ўзбек давлат цирки ижодкорларининг мароқли чиқишлари эса тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан бу каби хайрия тадбирлари ҳали давом этади.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 01.04.2020 | 20:21