01 Февраль 2020
Маданият вазири О.Назарбеков томонидан марказий аппарат ходимлари учун биринчи йиғилиш бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 31 январь куни Маданият вазири томонидан марказий аппарат ходимлари учун биринчи йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда кўрилган илк масала жамиятнинг маданияти ва маънавиятини юксалтириш борасида бўлиб, вазир сўзининг аввалида Юртбошимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига берилган топшириқларни бажаришда аввало соҳанинг ҳар бир вакили ўзларини тарбия қилишлари, муомала маданияти, ватанпарварлик, виждонийлик ва ҳалоллик каби фазилатлар билан барчага намуна бўлишлари зарурлигини, бир жамоа, бир оила бўлиб, ҳамфикрликда иш юритиш орқали мақсадга эришилишини таъкидлади.

Шунингдек, йиғилишда қуйидаги масалалар кўрилди:

- халқаро туризм аҳамиятига молик бўлган, аммо йўл харитага киритилмаган моддий-маданий мерос объектларини ўрганиб чиқиш ва қайта таъмирлаш ишларини амалга оширишда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйиш;

- рақамли технологияларни тизимда ташкил этишда зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

- маданият соҳасининг имиджини яратиш;

- буюк мутафаккирлар, А.Навоий, З.М.Бобур ҳамда жадид адабиёти намоёндаси М.Беҳбудийларнинг таваллуди муносабати билан ўтказиладиган тадбирларга пухта тайёргарлик кўриш;

- 2020 йил Хива – туркий давлатлар пойтахти, Бухоро – Ислом олами маданияти пойтахти этиб белгилангани бўйича тайёргарлик ишларини олиб бориш;

- ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига киритилмаган моддий ва номоддий маданий мерос объектларини ўрганиш ҳамда рўйхатга олиш каби қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 31.05.2020 | 05:33