06 Февраль 2020
"Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди" мавзусидаги ҳужжатли фильмлар намойиши ва муҳокамаси

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Борис Бабаевнинг Иккинчи Жаҳон уруши устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ишланган "Авангард" ва "Уруш фарзандлари" ҳужжатли фильмларининг намойиши ҳамда муҳокамаси бўлиб ўтди.

Намойиш ва муҳокама жараёнида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари Камола Акилова, Белоруссиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Адамович Маринич ҳамда бир қатор санъатшунос, маданиятшунос ва журналистлар иштирок этишди.

Маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова сўзга чиқар экан, ҳар иккала ҳужжатли фильмда мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг аҳил-иноқ яшаётганлиги, ўзбек халқининг бағрикенглиги яққол акс этганлигини, турли миллат ва элат вакилларининг Иккинчи Жаҳон урушида Ўзбекистонга, Тошкентга эвакуация қилинганлиги ўз навбатида маданиятлар алмашинуви учун ҳам хизмат қилганлигини алоҳида таъкидлади.

Белоруссиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Адамович Маринич, ўзбек-белорус халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар Иккинчи Жаҳон уруши йиллари даврида синовдан ўтганлигини айтди. Тошкентда Якуб Коласга ўрнатилган ҳайкал, бир неча юздан ортиқ белорус болаларининг Тошкентга олиб келинганлиги ҳамда ўзбек халқи уларни ўз фарзандларидан кўра аълороқ парвариш қилганлиги, фарзанд сифатида асраб олганлиги - ушбу халқнинг тинчликсевар ва оқибатли эканлигининг яққол мисоли бўла олишини таъкидлади.

"CEO@SmartGov" консалтинглик фирмаси директори Азиза Умарова сўзга чиқар экан, Ўзбекистонда истиқомат қилувчи турли миллатларни бирлаштириб турувчи мавзу бу Ўзбекистонга эвакуация қилинган кўплаб инсонлар билан ўзбек халқининг ўша йилларда якдиллик билан муносабатга киришганини айтиб ўтди. "Миллионлаб инсонлар уруш йилларида бу ердан бошпана топишди. Совет зиёлилари Шоира Анна Ахматовадан, болалар шоири Корней Чуковскийгача, Қизил Майдонда Ленин мавзолейининг меъмори Шусевгача Тошкентда яшаб ижод этишган. Михаил Булгаковнинг рафиқаси Елена олиб келган "Уста ва Маргарита"нинг қўлёзмаси билан зиёли қатлам ҳамда адиблар Тошкентда танишишган. Ўзбек оилалари фронт ортида туриб озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон етказиб беришган, ярадорларни тузатишган. Охирги бир бурда нонигача ўзга миллат вакилларига илинишган. Эвакуациянинг Ғалаба учун бўлган катта аҳамияти 9 май - Хотира ва қадрлаш кунида алоҳида ёритилиши шарт" - деди Азиза Умарова.

Эслатиб ўтамиз, "Авангард" ва "Уруш фарзандлари" ҳужжатли фильмларининг ўзбек тилига ўгириш бўйича "Севимли" телеканалида ишлар олиб борилмоқда. Фильм яқин кунларда Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинади.

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31