06 Февраль 2020
Ўзбек миллий мақом санъати маркази музейига ноёб экспонатлар совға қилинди

Ўзбек миллий мусиқа санъати ва опера санъатининг моҳир ижрочиси, бетакрор овоз соҳибаси, Халқ артисти Саодатхоним Қобулова ўзбек мусиқа санъати тарихида ёрқин из қолдирган устоз санъаткорлардан биридир. Саодатхоним ижро этган ўзбек ва жаҳон классик мусиқа намуналари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Чунки, ушбу инсон 14 ёшидан бошлаб Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Тўхтасин Жалилов, Валижон Тошматов каби улуғ санъаткорларни назарига тушган, миллий мумтоз ашулачилигининг моҳир ижрочиси эди. У ўз даврининг устоз санъаткорига айланди. 1959 йил, 34 ёшида собиқ иттифоқ халк артисти унвонига сазовор бўлган.

Саодат Қобулова 1925 йил 15 декабрь куни Марғилон шаҳрининг Олихамақ маҳалласида, ўзининг сартарошлик касби билан ҳурмат қозонган Қобул сартарош оиласида таваллуд топган. Кейинчалик бу оила Фарғона шаҳрига Бешбола мавзесига кўчиб ўтишади. Оналари Ҳидоятҳон ая яхшигина дутор чалиб, яллалар айтарди. Устознинг санъатга қизиқиши онасининг айтган яллалари туфайли бўлса керак.

Санъатга қизиқиши биринчи ўрта мактабда ўқиб юрган пайтлардаёк куртак ота бошлаган. Ўша даврда Марғилон шаҳар халк театри раҳбари Жўрахон Султонов мактабда ёш овозли йигит-қизларни театрга жалб қилиб юрганида Саодатхоннинг нозик дардли овозидан воқиф бўлиб, уни театрга олиб келади. Шу бўлдию Жўрахон Султонов Саодатхонни ҳақиқий устозига айланди. 1941 йилда 16 ёшли Саодатхонни Тошкент шаҳрида ташкил этилган янги Муқимий театрига ишга олиб келади. У ерда Саодатхоним Тўхтасин Жалилов раҳбарлигидаги профессионал санъат сабоғини олади. Театрда у Лутфихоним Саримсоқова, Раззоқ Хамроев, Миршохид Мироқилов, Махмуджон Ғофуров, Соиб Хўжаевлар билан бирга ижод килган. Унинг дастлабки яратган “Нурхон” асаридаги Нурхон образи мухлисларни ҳамда театр жамоасини ром этди. Саодатхоним Қобулова ҳаётда тақдир тақозоси билан Тўхтасин Жалиловнинг ўғли, бастакор ва моҳир дрижёр Холхўжа Тўхтасинов билан турмуш қуради. Уларнинг икки фарзанди бўлган.

Куни кеча Саодатхоним Қобулованинг қизи Нодира Қобулова Ўзбек миллий мақом санъати маркази музейига ташриф буюриб, онасига тегишли бўлган барча ноёб экспонатларни музейга ҳадя килди. У онаси билан кечган қизиқарли воқеаларни гапириб, волидаи муҳтарамасига берилаётган эътибордан мамнун эканлигини билдирди.

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31