06 Февраль 2020
Сирдарё вилояти мусиқали драма театри нуронийлар даврасида

Жорий йилнинг 5 февраль куни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари томонидан Сайхунобод тумани марказидаги болалар мусиқа ва санъат мактабининг томоша зали саҳнасида театр репертуаридан ўрин олган, Н.Аббосхон қаламига мансуб “Инсон ўзинг...” трагикомедия спектакли намойиш этилди.

Олий мақсадни кўзлаган мазкур тадбир “Нуроний” жамғармасининг Сирдарё вилояти бўлими томонидан ташкил этилди. Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва Сайхунобод тумани ҳокими Ботир Мирзақулов бошчилигида муҳим ташаббус кўзланган эди. Жумладан, бугунги кунда ўсиб келаётган баркамол авлодни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганлар, шулардан айниқса, қиз болалар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида Президентимиз томонидан йўлга қўйилган 5 та муҳим ташаббус ҳаётимизда қанчалар долзарб ва зарур экани таъкидланди.

Тадбир аввалида Театр хонандаси Раъно Ҳайитова ўзининг дилтортар қўшиқлари билан барчага хушкайфият улашди. “Инсон ўзинг...” спектакли сайхунободлик нуронийлар учун эсда қоларли таассурот қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Бу намойиш, хусусан, актёрлар ижроси таъсирчан ва муваффақиятли чиқди. Томошабинлар, айниқса, кекса онахонлар спектакль воқеалари ҳар биримиз учун катта сабоқ бўлди, фарзандларимиз, набираларимиз, қиз ва келинларимиз тарбияси учун катта аҳамиятга эга экан, дея мамнуният билан эътироф этишди.

Уларнинг театрга бўлган қизиқиши ортар экан, томоша орқали маънавиятини юксалтирар экан, демак, ижодкорлар кўзлаган мақсадига эришди, театр ўз вазифасини адо этмоқда.

Спектакль якунлангач, Республика “Нуроний” жамғармаси раиси ўринбосари Шуҳрат Умаров, Ўзбекистон Республикаси театр арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов, Ўзбек миллий академик драма театрининг устоз ижодкорларидан Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловлар сўзга чиқиб, ўзларининг самимий фикрларини билдиришди. Хусусан, “Сирдарё вилояти мусиқали драма театри республикамиздаги 37 театрлар орасида ижодкорлари, уларнинг ижодий фаолияти билан ўз ўрнига эга театр ҳисобланади. Бу театр жамоаси ижодий фаолияти билан доим олдинги қаторда бўлган ва бўлиб келмоқда. Бугун сиз азизлар билан бирга томоша қилганимиз ушбу спектакль ҳам театр репертуаридан жой олган, ўзига хос бўлган яхши саҳна асарларидан эканига гувоҳ бўлдик. Театр жамосига доим омад кулиб боққан ва бундан кейин ҳам ўша омад уларни тарк этмасин...”, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов.

Сўнг Сирдарё театри директори Равшан Ражабов, театрнинг устоз санъаткори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шариф Жумаевлар сўзга чиқиб, меҳмонларга ва тадбир ташкилотчиларига жамоа номидан миннатдорлик изҳор этдилар. Сайхунобод тумани ҳокими Б.Мирзақулов томонидан “Инсон ўзинг...” спектакли ижрочилари ва театр номига эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ҳоким сўзи давомида театр ижодкорлари билан ҳамкорликни бардавом этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани ва доим дастуриламал сифатида қўллашини айтиб ўтди. Келгусида яна янги-янги саҳна асарлари билан таклиф этишни ҳам билдириб қолди.

 

 

Охирги янгиланиш: 16.07.2020 | 00:27