06 Февраль 2020
Номоддий маданий мерос ва моддий ёдгорликларни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш масалалари

Бугун, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида Номоддий маданий меросни ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига ва моддий ёдгорликларни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш масалаларини ўрганувчи йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни маданият вазирининг ўринбосари Камола Акилова олиб борди.

Вазир ўринбосари ўз нутқида, Ўзбекистон маданий мероси объектларини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш мамлакат тарихини ўлкамизда ҳамда хорижда ёритилишининг амалий аҳамияти ҳамда мамлакат туризмининг, инфратузилмасининг ривожланишига ижобий таъсир қилиши хусусида алоҳида тўхталиб, ушбу йўналишнинг ҳар бир соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг комплекс ишчи режасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси вакили Саидафзал Маллахонов моддий ва номоддий маданий мерос объектларини рўйхатга олиш учун қўйиладиган талаблар, шакллантирилган номоддий қадриятлар ҳақида маълумот берди.

Археолог олим Рустам Сулаймонов Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳрида ноқонуний қурилиш асосида юзага келган археологик ёдгорликларни йўқолиб кетиш хавфи хусусида тўхталиб, улар бартараф этилмаса яқин 50 йил ичида шаҳарсозлик ривожланиш жараёнида археологик қийматга эга обидалардан ажралиб қолишимиз мумкинлигини айтиб ўтди.

Шунингдек, Тошкент архитектура-қурилиш институтининг Архитектура тарихи ва назарияси кафедрасининг катта ўқитувчиси Абдураззоқ Турдиев институтда ЮНЕСКО кафедрасини очиш таклифини билдирди. Унга жавобан ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси вакили Саидафзал Маллахонов кафедра очиш учун бажарилиши шарт бўлган талаблар билан таништирди.

Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар бўйича қарор ишлаб чиқилди.

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31