07 Февраль 2020
“Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиси ва концертмейстери танлови”

Жорий йилнинг 7 февраль куни Маданият вазирлигида “Йилнинг энг яхши болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчиси ва концертмейстери танлови” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маросимни Маданият вазири О.Назарбеков ўз сўзи билан очиб, барча ташриф буюрганларга соҳадаги янгиликлар жумладан, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев қарори билан хореография олий мактаби негизида Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилгани, “Баҳор” ансамблининг қайта тиклангани, келгусида мақом академияси, бахшичилик санъати мактаблари ташкил этилиши борасида сўзлади.

Шунингдек, Юртбошимиз томонидан маданият ва санъат соҳасига қаратилаётган юксак эътиборга муносиб бўлиш, яратиб берилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, таълимни тараққий эттириш зарурлигини айтиб ўтди. Инқироз ёқасига келиб қолган мақом, бахшичилик санъатини асраб қолиш ва келгуси авлодга етказиш шарафли бурч экани, бу борада ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши, ўқув қўлланма ва дарсликларни тайёрлаш энг долзарб масала экани ҳақида сўзлади. Илмга аҳамиятни кўпроқ қаратиш, илмий изланишлар, тадқиқотлар олиб бориш, чинакам илм фидоийларини қўллаб-қувватлаш, санъат соҳаси академикларини етиштириш, бугунги кун илм-фан ютуқлари, замонавий технологияларни таълим тизимининг барча йўналишларида жорий этиш кераклигини таъкидлади.

Бу борада кимда, қандай таклиф ва маслаҳатлар бўлса бемалол билдиришлари лозимлигини, барча таклифлар инобатга олинишини айтиб, маросимнинг асосий қисми, йил ўқитувчиларини тақдирлашга навбат берилди.

Маданият вазирлиги тизимидаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий оламини бойитиш, маданий савиясини юксалтиришда муносиб ҳисса қўшаётган, жисмонан соғлом, руҳий ва интеллектуал жиҳатдан ривожланган, теран фикр, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим-тарбия жараёни ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ўз касбий фаолияти мобайнида самарали натижаларга эришаётган ташаббускор ва фидойи ўқитувчиларнинг 34 нафари танлов асосида аниқланиб, улар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31