13 Февраль 2020
Барҳаёт анъаналар

Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида Ахборот ресурс маркази ташаббуси билан Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ҳамкорлигида самарқандлик Шавкат бахши Бобомуродов билан ижодий учрашув ташкил этилди.

Шавкат бахши буюк бобомиз, етук саркарда Амир Темурни ҳаётий фаолиятини ўрганиб, ўз муаллифлигида “Соҳибқирон Темурбек” номли достонини яратди ва худди шу номда китоб чоп эттирди. Ижодкор учрашувда бахшичилик санъатига бўлаётган эътибор, муҳтарам юртбошимиз томонидан амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида тўлқинланиб гапириб берди.

Шунингдек, терма достонлардан парчалар ижро этиб, барчани кўнглини шод айлади. “Соҳибқирон Темурбек” достони буюк бобокалонимизнинг ҳарбий юришлари, шахсий ҳаёти, умри давомида амалга оширган ислоҳотлари ҳақида ҳикоя қилади. Мазкур асар ёшларимизни ватанпарварлик, она юртга садоқат, оила ва дўстларга муҳаббат туйғулари остида камол топишида муҳим ўрин тутади.

Ҳозирда мамлакатимизда миллий бахшичилик санъатини ривожлантириш, шу билан бирга, ёшлар маънавиятини юксалтириш, мутолаа маданиятини ошириш каби қатор ислоҳотлар кўлами кенгайиб бормоқда. Шавкат бахши Бобомуродовнинг ижодий фаолияти ушбу ислоҳотлар ривожига муносиб ҳисса бўлади. Она халқимиз неча йиллардан буён севиб ардоқлаган барҳаёт анъаналар боқий яшайверсин!

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот котиби

 

 

Охирги янгиланиш: 28.09.2020 | 22:53