14 Февраль 2020
Илм-фан ва таълим интеграциялашуви

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги эндиликда муҳтарам юртбошимизнинг қатор ислоҳотлари доирасида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларнинг имкониятларини рағбатлантирмоқда. Илм-у маърифат ва меҳнат шахсни камолотга етказади. Жумладан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Иброҳим Юлдашев бошчилигида иқтидорли, илмли талаба-ёшларни илм-фан ва таълим интеграциялашуви, рақамли иқтисодиётни ўрганиш ва амалиётга тадбиқ этиш истиқболлари доирасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. “Саҳна нутқи” кафедраси ўқитувчиси Авазбек Шомуродов ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамкорлигида институтнинг “Санъатда продюсерлик” таълим йўналиши 1-курс талабалари 13 февраль куни муҳташам “Халқлар дўстлиги” санъат саройига концерт дастурига ташриф буюришди. Санъат саройида талабалар продюсерлик маҳорати, оммавий байрамлар ва тадбирларни ташкиллаштириш, декорация ишлари, овоз режиссураси, саҳна структураси, жонли томоша санъати, мусиқий безаклар сирларини ўрганишди. Тажрибали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг продюсерлари Илёс Дадабоев, Ҳабибулло Музаффаров, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи бош режиссёри Зокиржон Қаюмов, таниқли актёр, Давлат мукофоти совриндори Муҳаммадисо Абдулхаиров билан жонли мулоқотлар бўлиб ўтди.

Бўлажак продюсерлар келгусида ўзбек санъатини янада ривожлантириш, халқаро майдонга олиб чиқиш йўлида ўз маҳоратларини намойиш этишади. Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда олий маълумотли мутахассис ёшларнинг потенциали ва тажрибаси тараққиётга ҳисса қўшади.

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот котиби

 

 

Охирги янгиланиш: 24.02.2020 | 18:09