14 Февраль 2020
“Қалбимизда яшар сиймолар”

Жорий йилнинг 14 февраль куни шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди муносабати билан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Қалбимизда яшар сиймолар” номли адабий-бадиий, маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди. Ўзбек мумтоз адабиётининг дилбар вакили Бобур Мирзонинг улуғ сиймоси, бетакрор асарлари саҳнада жонланди.

Институт ректори, профессор Иброҳим Юлдашев ҳамда меҳмон санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти лауреати Муҳаммадали Абдуқундузов буюк бобомизнинг гўзал ижоди борасида сўзладилар.

Концерт дастурида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Хайрулла Лутфуллаев, Ўзбекистон халқ ҳофизлари Оролмирзо Сафаров, Машраб Эрматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аҳмаджон Дадаев, талабалар Муслима Алиева, Дониёр Хабибуллаев жонли ижроларни тақдим этишди.

Кечада Бобур Мирзонинг гўзал рубоийлари иқтидорли талабалар томонидан ижро этилди.

“Қалбимизда яшар сиймолар” бадиий кечасининг ижодий жамоаси Исоқтой Жуманов, Эрназар Ёрбеков, Сайфулла Икромов, Шерзод Муҳаммадиев, Гўзал Рашидова, Умаршоҳ Сайдалиев, Шоҳсанам Абдужамалова бўлиб, тадбирни унутилмас байрам кечасига айлантиришда фаол иштирок этишди.

Буюк саркарда, шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот хизмати

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31