15 Февраль 2020
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Назм ва наво” кечаси

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Фольклор ва этнография” кафедраси ўқитувчиси Камолиддин Исаев фольклор асарларини саҳналаштириш фанидан улуғ бобомиз, моҳир саркарда ва дилбар шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 537 йиллиги муносабати билан “Назм ва наво” кечасини ўтказди. “Фольклор ва этнография” таълим йўналиши 1-курс талабалари атоқли ўзбек адиби Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари асосида саҳнавий кўриниш ҳам намойиш этишди.

Курснинг фаол талабалари Достон Тоҳиров, Шодиёр Ҳамдамов, Фархунда Машраббоева, Нурбек Исаев улуғ Мирзо Бобурнинг ёрқин ижодидан рубоийлар, ғазалларни ёд олишди. Айниқса, Бегзод Раҳимовнинг “Яхшилиғ” таронаси қалбларни титратди.

Ўзбек мумтоз адабиётининг бебаҳо намоёндаларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижоди ҳар бир ёшларимизнинг маънавий дунёси учун маърифат кўприги бўла олади.

 

 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот хизмати

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31