19 Февраль 2020
Сирдарё вилояти мусиқали драма театридан спектакллар намойиши

Жорий йилнинг 14 февраль куни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари томонидан Мирзаобод туманидаги 6-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабининг томоша зали саҳнасида театр репертуаридан ўрин олган Ш.Маҳкамов қаламига мансуб “Қутича” ёки “Жинни бўлиш ҳеч гапмас” номли спектакли намойиш этилди. Мазкур спектакль намойиши ватанимиз сарҳадларини қўриқлаш учун бел боғлаган мард ва жасур аскар йигитларимизни театр санъатига жалб этган ҳолда уларнинг маънавий-маданий қарашларини юксалтириш йўлидаги муҳим ташаббус саналади.

Театр жамоаси анчадан буён ушбу ҳарбий қисм билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Спектакль аскарларнинг эсида қоларли тарзда намойиш этилди. Хусусан, улар учун актёрлар ижроси муваффақиятли чиқди. Юморга, бадиий ҳажвияга бой воқеаларни ҳарбийлар катта қизиқиш ва олқишлар билан қарши олишди.

Шунингдек, 18 февраль куни эрта тонгдан театр жамоасининг бир гуруҳи Ховос тумани Ховос шаҳарчаси сари йўл олишди. У ердаги Ховос темир йўлчилар маданият саройининг кичик томоша залида шаҳардаги 1-сонли мактаб ўқувчилари учун Ш.Бошбеков қаламига мансуб “Кўча болалари” драмаси намойиш этилди. Президентимизнинг 5 ташаббуси доирасидаги мазкур спектакль ҳам ўқувчи-ёшларда катта таассурот қолдирди.

- Мазкур вилоятимиз мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан намойиш этилган шундай саҳна асари мен ва тенгдошларимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этади, – дейди Ховос тумани 1-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси, мактаб қошидаги Ёшлар иттифоқи етакчиси Асадбек Низанов. – Шундай ва шунга ўхшаш воқеалар бизнинг ҳам ҳаёт тарзимизда учраб туриши табиий. Саҳна асаридаги лавҳаларда биз каби ёшларнинг ҳаёти тасвирлангани ҳаммамизга ўз таъсирини ўтказди, деб ўйлайман. Мен каби тенгдошларим ҳам ўзига яраша таассуротга эга бўлди. Театр ижодкорлариданяна янги-янги ғоялар билан эзгуликка, инсонийликка даъват этувчи мана шундай ёшлар ҳаётига оид спектакллар кутиб қоламиз. Буларнинг барчаси албатта,биз ёшларнинг театрга бўлган қизиқишини ошириш, маънавиятини юксалтириш мақсадида кўзланган мақсадлар сари қадам деб ҳисоблайман.

Томошабинлар спектакль давомида ижрочиларни мунтазам олқишлаб туришди. Спектакль якунлангач, томошабинлар спектакль ижрочиларига ўз миннатдорлигини билдириб қолишди.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31