20 Февраль 2020
“Ҳаёт саҳнасида ўйнамоқ – санъат!”

Театр - хос санъат, жаҳон классик асарларининг ёрқин ифодаси, талқини ва бетакрор ижролари саноқсиз қалбларни армуғон этиб, қалбларни ларзага солади. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Ўқув театрида “Эстрада ва оммавий томошалар санъати” кафедраси профессори Темур Рашидов раҳбарлигида “Эстрада актёрлиги санъати” таълим йўналиши 3-курс талабаларининг таниқли италиялик ёзувчи Карло Гоцци асари асосида “Турандот” спектакли намойиш этилди.

Инсон қисмати ва ундаги бахтли, аммо аянчли, бетакрор, аммо бемаврид, ёрқин, аммо шафқатсиз, ғаройиб ва беқиёс, сирли ва синовли лаҳзаларни мужассамлаштирган мумтоз “Турандот” спектакль-фантазияси замонавий талқинда тақдим этилди.

Курс талабалари Нигора Очилова, Дилмурод Худойбердиев, Аълохон Содиқова, Тоҳиржон Чориев, Шоҳзод Болтабоев, Акрамжон Қўчқоров, Хуршид Наврўзов, Жалолиддин Юлдашев, Дилшоджон Рамазонов ва бошқалар ўзига хос ролларни ижро этишди.

Спектаклда танланган либосларнинг фалсафий маънога эга эканлиги, актёрларнинг саҳнавий реквизитлардан фойдаланиши асар ғоясига хизмат қилган. Айниқса, саҳнавий макон композициясининг мукаммаллиги, таъсирли мусиқа ва чироқларнинг танлови персонажлар характерини янада ёрқин акс эттирди.

Асарни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, доцент Исоқтой Жуманов таржима қилган. Актёрлик маҳорати фани ўқитувчиси Шавкат Расулов, рақс фани ўқитувчиси Нарзиддин Шерматов, саҳна нутқи фани ўқитувчиси Махсума Ходжиматова, вокал фани ўқитувчилари Шерзод Пирматов, Эркин Раҳимов, пластика устаси Сардор Маннонов, гримёр Феруза Жалилова, чироқ устаси Самандар Турсунов ва бошқа мутахассисларнинг профессионал тажрибаси саҳнада намоён бўлди.

“Турандот” спектакли илиқ кутиб олинди, давомий олқишлар, ҳайқириқлар тинмади. 

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти

Матбуот хизмати

 

 

Охирги янгиланиш: 31.03.2020 | 14:31