21 Февраль 2020
"Лаби Ҳовуз" 400 ёшда

Нодир Девон Беги ҳовузи (Лаби Ҳовуз) –1620 йилда Бухорода қурилган кўркам ансамбллардан бири ҳисобланади. Ансамбль 3 та тарихий бинони ўз ичига олади, улар "Кўкалдош" мадрасаси (1568-69), "Нодир Девонбеги Мадрасаси ва Хонақоси" (1622) ва улар марказида "Лаби Ҳовуз" жойлашган. Мазкур маданий мерос объекти Ўрта Осиёдаги энг қадимги ва энг катта саккиз бурчак шаклида қурилган, ўз замонасининг буюк кашфиётларидандир.

Ҳовузнинг атрофлари катта махсус тошлар билан терилган зиналардан иборат бўлиб, сув ташувчи мешкоблар мазкур зиналар орқали ҳовузга тушиб сув олишган ва улар ушбу ҳаракатлари билан Бухоро аҳолисига хизмат қилишган. Ҳовуз суви аввало шаҳар аҳолисининг ичиши, кўчаларни суғориш ва қурилиш эҳтиёжлари учун ишлатилган. Ҳовуз атрофидаги кўп асрлик дарахтлар ҳозирги кунга қадар ҳам виқор билан қад кўтариб туради.

Лаби ҳовуз ансамбли жуда кўркам қурилган. Ҳовуз сувининг атрофга ойнадек акс бериши ва унинг атрофини ўраб олган яшил майдон мажмуанинг тарихий ёдгорликлари билан уйғунлашиб ноанъанавий, ўзига хос гўзал бир масканни ҳосил қилган.

Ҳозирда мазкур маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган бўлиб, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлардан бири. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан маданий мерос объектларининг миллий рўйхатига 173-рақам билан киритилган.

 

 

Охирги янгиланиш: 01.04.2020 | 20:21