21 Февраль 2020
Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5729-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида коррупциянинг хавф-хатарларини таҳлил қилиш асосида, аҳолининг кенг қатламларини хабардор қилиш ва онг-билимларини оширишда мақсадли тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, имконият яратувчи сабаблар, шарт-шароитлар ва оқибатларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш юзасидан жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон давлат консерваторияси катта залида профессор-ўқитувчилар, докторантлар, ходимлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов билан “Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов: Таълим муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда самарали дастурларни амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланади - деди.

Тадбир сўнгида, Ўзбекистон халқ хофизи Махмуджон Тожибоев сўзга чиқиб, ўз касбига содиқ, санъатни барча нарсалардан устун билгувчи, устозлик мақомини эъзозловчи ҳалол ва пок педагоглар айнан Консерваторияда фаолият олиб боришларини айтиб, коррупция балосига қарши доимо бирга курашишларини таъкидлади.

Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори в.в.б. Аваз Мансуров ҳам Б.Матмуратов бошчилик қилаётган қўмита фаолиятига омад тилаган ҳолда уларни ташрифлари учун ўзлари ҳамда жамоа номидан миннатдорчиликларини билдирди.

 

Ўзбекистон давлат консерваторияси

Матбуот хизмати

 

 

Охирги янгиланиш: 01.04.2020 | 20:21