02 Март 2020
Ўзбек Миллий академик драма театрида "Жалолиддин Мангуберди"

Ўзбек Миллий академик драма театрида ёзувчи Назар Эшонқул пьесаси асосида режиссёр Асқар Холмўминов саҳналаштирган "Жалолиддин Мангуберди" спектаклини томоша қилдик. Саҳна декорациялари рассоми Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, рассом -Шуҳрат Абдумаликов.
Бундан авввал ТВ орқали Мақсуд Шайхзода асари асосида саҳналаштирилган телеспектаклни, Мудофаа вазирлиги қошидаги ТУРОН театрининг ёзувчи Шаҳодат Исахонова романи асосида режиссёр Сайфиддин Мелиев томонидан саҳналаштирилган "Жалолиддин Мангуберди" спектаклини кўргандим. Ушбу спектаклнинг ўзига хослиги нимада?!

Асқар Холмўминов Миллий академик театр қолипларини ўзгартиришга ҳаракат қилган. Икки ярим соатдан ортиқ вақт давом этган спектаклда чироқ эффектлари, мусиқа, актёрлар ижроси орқали томошабин диққатини антрактсиз ушлаб тура олди. Саҳна ва зал ўртасидаги масофа йўқолган. Спектакль бошланишидан олдин нимқоронғу залга кирган томошабинни фонус кўтарган ҳур қизлар, (эҳтимол Туркон хотуннинг канизакларидир) залда юриб кутиб олишди. Спектакль жараёнидаги зал саҳна баробарида кўтарилган. Актёрлар залдан саҳнага кириб-чиқиб юришди. Бу тажриба режиссёр Баҳодир Йўлдошев А.Розов пьесаси асосида 80-йилларда саҳналаштирган "Рўйхатларда йўқ" спектаклида ҳам қўлланилган. Декорация Амударё тўқайларига хос қамишлардан иборат.

Саҳнадаги услуб ва рамзлар ёқди. Хайрият, Чингизхонни юзи чўтир, чандиқ босган манфур кимса сифатида эмас, ШАХС сифатида кўрсатилишига гримчи Валентина Абдуқундузова ҳам, пьеса муаллифи Назар Эшонқул ҳам эришган (Ҳар ҳолда давримизнинг забардаст ёзувчиси сифатида Назар Эшонқулнинг қаҳрамонлар нутқи ясама эмас, жонли чиққан).
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ижросидаги Туркон Хотун дангал, чўрткесар. Ҳар ҳолда актриса ўзига бошқа ролларда "ёпишиб қолган тамға"дан қутулган. Бу унинг пластик ҳаракати ва овоз товланиши, паузалар, товушнинг пастлаши, қаҳрланишининг уйғунлашувида намоён бўлган. Саида Раметова Туркон Хотунни ўзи ижро қилган Бибихоним, Машрабнинг онаси образларидаги характерларнинг у ер, бу еридан ясаса керак деб ўйлагандим. Йўқ, актриса Туркон Хотунга хос виқорни ҳам, қаҳр ва меҳрни ҳам тўлақонли ўзига хос ижро қилибди. Янги образ яратибди.
Чингизхон ва Туркон Хотуннинг диалоги саҳнаси Пиримқул Қодировнинг "Юлдузли тунлари"даги Шоҳ Бобур ва Малика Байда мулоқотини эслатиб юборди.
Ўзбекистон халқ артисти Малика Ибрагимова ижро қилган энага образида бошида қулдек итоаткор аёл тимсоли кўринган бўлса, охирги кўринишда ўз фикрига эга, шаҳзодаларга довюракликни сингдира ола биладиган тарбиячи гавдаланган. (Негадир режисёрлар Малика Ибрагимовага доим энагалар образини беришади. Актриса "Навоий" спектаклида ҳам энага эпизодида чиққан эди).
Ўзбекистон халқ артисти Шоҳида Исмоилованинг Миллий академик драма театри қошидаги болалар театр-студияси ўқувчилари томонидан ижро қилинган мизансаҳна кўринишлари ҳам ишонарли чиққан. Айниқса, Жалолиддиннинг ўғли шаҳзода Қутбиддин ролини ижро қилган болакай, Чингизхон ҳамда унинг айъёнлари билан юзлашув саҳнасини маҳорат билан ижро қилди. Драма сўнгидаги "Ўзини ватанпарвар деб билган, Ватанни севган ҳар бир бола Жалолиддиннинг фарзанди" деб номланувчи монологи ҳам таъсирли.
Ватан, "Ўлдим, куйдим, сен учун жоним фидо!" деб севилмайди. Атрофингдаги инсонларга ўзингнинг ибратли ҳатти-ҳаракатинг, сўзинг ва ўзинг бирлиги билан исбот қилиб севилади. Спектакль ана шу жиҳатларни, коллизия, саҳна кўриниши қаҳрамонларининг ички руҳий кечаётган зиддиятлар ҳамда ташқи кучларга қарши зиддиятларга мардонавор ТУРИБ БЕРА ОЛИШ каби сюжетлар орқали очиб бера олган. Йўқотилган мол-дунё, фарзанд, топилади, аммо инсоннинг эътиқоди, ВАТАН ва БУРЧ топилмайди. Ёзувчи шу тарафларни очиб беришда олди-қочди сўзлардан ҳоли, қиличдек жарангдор жумлалардан фойдаланган.
Хуллас, кўришни тавсия этаман. Вақтингизни йўқотмайсиз.

                                                                                                                                 Нигора УМАРОВА

 

Охирги янгиланиш: 03.08.2020 | 17:13