03 Март 2020
Алвидо Режиссёр!

Узоқ давом этган касалликдан сўнг Ўзбекистон Давлат академик рус драма театри саҳналаштирувчи режиссёри Юрий Владимирович Фисан вафот этди.

Юрий Владимирович Фисан 1967 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Давлат академик рус драма театрида 1995 йилнинг 1 февралидан буён ишлаб келмоқда эди.

1990 йили Тошкент давлат маданият институтининг “Ҳаваскор театр жамоаси раҳбари”мутахассислиги бўйича тамомлаган. Олий илм даргоҳини тугатганидан кейин “Тўқимачилар” маданият саройида болалар драматик тугараги раҳбари бўлиб ишлаган. 1994 йили театр қошидаги театр-студияга қабул қилинган. 1995 йилдан бошлаб ёрдамчи таркиб актёри, иккинчи тоифали актёр, биринчи тоифали актёр, олий тоифали актёр лавозимларида ишлаган.

Театрдаги фаолияти давомида Ю.Фисан ўзини актёр ва ижодкор сифатида намоён этиб, К.И.Чуковскийнинг “Муха Цокатуха”, Марк Камолеттининг “В сопровождение Армстронга”, Торнстоннинг “Наш городок”, А.Н.Островскийнинг “На всякого мудреца” асарида Глумов, Бомаршенинг “Фигаро эскиз”ида рақс ўқитувчиси, А.П.Чеховнинг “Вишневый сад” асарида Йўловчи, Рей Кунининг “№13” спектаклида - Бошқарувчи сингари қатор кичик, аммо томошабинлар эсида қоларли образлар яратди.

1996 йилдан бошлаб Ю.В. Фисан театр қошида ташкил этилган театр-студиясига қабул қилинган ёшларга “Актёрлик маҳорати” фанидан дарс берди. Аксарият битирувчилар театр труппасига ишга қабул қилинди.

Ю.Фисан саҳналаштирувчи режиссёр сифатида Жан Жененинг “Служанки”, Карло Гальднининг “Трактирщица”, “Колобок-шоу”, К.И.Чуковскийнинг “Муха Цокатуха”, А.С.Пушкиннинг “Сказка о царе Салтане”, К.И.Чуковскийнинг “Мойдодыр”, А.С.Пушкиннинг “Сказка о мертвой Царевне и семи богатырях”, Валентина Арслановнанинг “Дамское танго”, Клод Маньенинг “Блэз”, ва “Снежная Королева” (Г.Х.Андерсеннинг шу номли асари инсценировкаси ва саҳналаштирувчи режиссёри), Марк Камолеттининг “Любовь до гроба”, “Морозка” (рус халқ эртаклари асосида инсценировка ва саҳналаштирувчи режиссёри), Айвон Менчеллнинг “С тобой и без тебя”, А.Н.Островскийнинг “Банкрот, или Свои люди сочтемся”, “Золушка” (Шварцнинг шу номли асари инсценировкаси ва саҳналаштирувчи режиссёри), Александр Коровкиннинг “Тётки”, Николай Коляданинг “Баба Шанель” сингари асарларини саҳналаштирди.

Маданият вазирлиги жамоаси марҳумнинг яқинлари, оила аъзолари ва дўстларига ҳамдардлик билдиради.

Охирги янгиланиш: 01.04.2020 | 20:21