03 Март 2020
“Кичкина шаҳзода”нинг улкан сайёҳати

Бошиданоқ айтиб қўяй: Театршунос, драматург ёки режиссёр эмасман. Шунчаки театр томошабиниман, холос! Бугун сизга яқиндагина кўрган спектаклим ҳақида сўзламоқчиман. Ажаб эмас, сиз ҳам меҳмон бўлсангиз.

Тўғри, бу театр-студияда кучли декаратция, таниқли актёр, юзлаб томошабинлар йўқдир. Аммо, уларнинг бағрикенг. Қандай қилиб дейсизми? Бу театрда бошқалардан фарқли ўлароқ, бир йилда бир ҳафта “очиқ эшиклар куни” бўлмайди. Балки,йил давомида эшик тугул, кўнгилларини ланг очиб қўйган. Кириш ҳар ким учун, ҳар қачон бепул. Тўғри, сиғим атиги 30 кишига мўлжалланган. Лекин мароқлилик жиҳатидан ўрнак олсанг арзийди.

Сўзларимни исботлайман: Спектакль ўртасида ҳеч ким чиқиб кетмайди, телефонда пичирлашиб асабни бузмайди, “уф-ф, қачон тугайди,” деб илҳақ бўлмайди. Бу ерда ҳам шундай ишлар қилса бўлади, агар вақт қандай ўтганини сеза олсангиз.

Спектакль Антуан де Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асари асосида “Бизнинг, фақат бизнинг Кичкина шаҳзода”деб номланади. Ғоя, концепция муаллифи ва бадиий раҳбар: Қамариддин Ортиқов. Режиссёр: Жамшид Валиев. Актёрлар: Худоёр Султонов, Мухтор Асроров, Лобар Исаева. Ҳа, адашмадингиз актёрлар бор йўғи учта.

Спектаклнинг “кириш” қисмидаёқ одам воқелик ичига беихтиёр сингиб кетади. Жараён ҳам, фалсафа ҳам чиройли: оддий кўча супурувчи (Султонов Худоёр) ва баклашка йиғувчи (Асроров Мухтор) ўз ишини қилиши билан бошланади. Бир-бирини танимай яхшилик қилади, қорин тўқлаб, шодлик улашади. Шунда, супурувчи гап бошлайди:

— 6 яшар пайтимда, ғалати бир суратга кўзим тушди. Мен узоқ хаёл сурдим. Ва, умримда илк бор расм чиздим. Катталар менга чизиш ўрнига жўғрофия, арифметика, тарих ва ҳуснихатни кўпроқ ўрганишимни маслаҳат беришди!

Энди худди шу фалсафани ҳаётга ўгириб кўрайлик. Тўғри-да, биз болани орзу қилишига ҳам йўл бермай, даромадли ишларга йўналтириб, уни фикрлашидан чеклаб қўямиз.“Бу холатда инсон тувакдаги гул каби ўсади”. Ҳали оғриқ нималигини билмасдан туриб “югурма, йиқиласан”, деб эркинлигини чеклаймиз. Менимча: бола йиқилса ҳам югурсан. Зеро, оғриқ нималигини билиб, эҳтиёткорликни ўзи англаб етсин. Ўйлаб кўринг, нега хитой халқи кунда ихтиро, янгилик яратиб дунёни эгалламоқда? Қандай қилиб иқтисодий жиҳатдан кимсан АҚШни ортда қолдириб, жаҳонда пешқадамлик қилмоқда. Йўқ, ахолиси 1 миллиард 700 минг бўлгани учун эмас. Ёки японларни олайлик: 1945 йил Хиросима ва Нагасакига “Атом” бомбаси ташлангач, бу мамлакатни дунё ёппасига “қолоқ” деб атади. Айни пайтда эса кунчиқар юрт ҳеч қандай табиий бойликсиз, ҳудуди кичик бўла туриб, аҳоли жиҳатидан 11 ўринда туради. Улар айни пайтда дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари қаторида эътироф этилади. Бу мисолларни Германия, АҚШ, Буюк Британия каби мамлакатлар билан давом эттириш мумкин. Бундай юксакликнинг сабаби битта — эркинлик (назорат билан). Улар бунга эришди ва давлатни “ўстирди”.

...Шу тариқа кўча супурувчиси ўзининг ўтмишини айта бошлайди. У учувчи бўлибди. Бир куни сафарга чиқиб, катта бир саҳрога қулаб тушади. Унинг заҳирасида бор йўғи бир ҳафтага етадиган сув қолганди. Ноилож ўзи самолётни тузата бошлайди. Шунда “Бизнинг, фақат бизнинг Кичкина шаҳзода”(Асроров Мухтор):“Менга қўзичоқ чизиб бер”, деган сўзлар билан саҳнага кириб келади. Улар шу тариқа бир-бири билан дўст тутинади. Кичкина шаҳзода ўзи борган, кўрган сайёралар ҳақида сўзлай бошлайди. Келинг, биз ҳам унга эргашиб, сайёралар аро сайр қиламиз.

Улар ягона, буйруқ беришни яхши кўрадиган қиролнинг сайёрасига боради. Унинг ғалати одати бор экан — ўзидан бошқа ҳеч ким яшамайдиган сайёрада, ҳаммага буйруқ бериб юраркан. Ушбу саҳнани кўрар эканман Чингиз Айтматовнинг: “Бу дунёда икки киши қолса ҳам бири иккинчисининг устидан хукмронлик қилгиси келади”, - деган гаплари хаёлимдан ўтди.

Кейинги сайёрада дуч келадиган қахрамонимиз — жудаям уятчан. Хатто у ўз касбидан уялади. Уятли касб эгасилигини унитиш учун, ичаверади. Унинг касби — ИЧИШ.

Навбатдаги манзилимиз ғалати экан. Биздаги бир сутка у ерда бир дақиқага тенг. Унда яшовчи инсоннинг вазифаси — тун кирганда чироқни ёқиш, кун чиққанда ўчириш. Вақти жуда кам, дам олишга эса улгурмас экан. Айтишича:унинг ихтиёрида ҳам бир пайтлар вақт кўп бўлган экан. Умр ўтгани сари эса, сайёра тез айланаётган эмиш. Бу ерда биз у билан роппа-роса бир ой гаплашдик. Балки бу муқаддас китобларда келтирилганидек “Умирдан барака кетиб, вақт жуда тез ўтадиган замон” келганига бир ишорадир.

Воқеликларга шарҳ беришдан йироқман. Шунинг учун бунга кўп тўхталмадим. Сабаби, нотўғри таърифлаб қўйсам, кўрмасдан кўнглингиз совимасин, дейман-да.

Сафар давомида бизга бир қизгина(Исаева Лобар) ҳамроҳлик қилди. Уни юқорида зикр этмаганимнинг сабаби — қахрамонимиз бир оғиз ҳам гапирмайди. Бу эпизодни ҳар ким ўзича: гул, капалак, бизга доим эргашиб юрадиган фаришта, деб тушунди. Мен унга “инсоннинг қалби”, деб тариф берган бўлардим. Қаҳрамонлар кулса - шодон бўлиб, йиғласа ҳўнграб не бўлса ҳам шерик бўлиб юраверди.

Биз борган сайёраларнинг барида фақат биттагина одам яшарди. Қизиғ-а? Бу вазиятни Кобо Абенинг “Яшик одам” романига ўхшатдим. Иккаласида ҳам дунёни англашга эмас, дунёни ўз қутиси, сайёрасига қамашни ва ўз ҳолича, эркин яшашга тарғиб қилинган. Балки, шундай ҳам қилиш керакдир...

Кичкина шаҳзода бир нарсани жуда кўп таъкидлади — ўз сайёрасидаги гулни. Унинг гули кичкинагина, дунёда ягона, тиканлари, гўзаллиги, Усиз ҳаётини тасаввур қилолмаслигини айтарди. Аслида-ку романтик эмасман. Фақат қўл билан ушлаб, кўз билан кўрса бўладиган нарсаларнигина тан оламан. Лекин, бу ердаги туйғуларнинг ифодаси олдида ожизман...

Ҳар кимнинг ўз кўнглига яширган, ҳеч кимга айтмайдиган, тикани-ю гўзаллигига кўникиб яшайдиган, мукаммал, деб ҳисоблайдиган инсони бўлади...Бу инсонни шунчаки бир “ГУЛ” деб таърифлаб кетишди, холос.

Спектакль тугагач бир хулосага келдим: санъат тижоратга айланиб бораётган бир пайтда, ижодкорлар ўз чўнтагидан харажат қилиб, жон бериб ишлаётгани таҳсинга сазовор. Нима, уларга даромад керак эмасми? Қайдам, улар ҳам мен каби стипендияга қараб ўтирган талабалар-ку. Бу ўғил-қизларларга битта танбеҳим бор: томошабинлар залга сиғмай кетяпти, спектаклни тезроқ катта саҳнага олиб чиқсинлар!

Асар давомида ҳайвонлар, суҳбатлар, ғаройиб томошалар бўлди. Буларнинг барини ёзмадим. Чунки, сиз ҳам келиб кўрсангиз, бирга фикр алмашамиз. Шуниси қизиқроқ-да.

Манзил: Ўзбекистон хореография академияси мактаб интернати. “Шамс-Қамар” театр ўқув студияси. Студиянинг бадиий раҳбари, устоз Қамариддин Ортиқов.
Албатта, келинг, кутамиз. Асло, афсусланмайсиз!

Тошкент давлат хореография Академияси санъатшунослик таълим йўналиши 2-босқич талабаси Бунёд АБДУЛЛАЕВ

17-18 февраль 2020 йил

Охирги янгиланиш: 01.04.2020 | 20:21