05 Май 2020
Сирдарё театри ижодкорлари табиий офатдан зарар кўрган аҳоли билан

Бугун бутун дунё бўйлаб пандемия даври ҳукм сураётган аҳвол. Мамлакатимиздаги ана шундай оғир шароитда кутилмаган табиий офатлар содир бўлгани барчамизни ташвишга солди. Маълумки, жорий йилнинг 1 май санаси эрта тонгда вилоятимиздаги “Сардоба” сув омбори ўпирилиб, ҳудуд атрофидаги аҳоли ёндош туманлар ва вилоятларга эвакуация қилинди.

Айни пайтда талофатдан азият чеккан ҳамюртларимизга ҳар томонлама кўмак зарур. Республикамизнинг барча ҳудуди бўйлаб ҳар хил турдаги ёрдам карвонлари битта манзил Сирдарё томонга йўл олмоқда.

Табиий офат туфайли азият чеккан аҳолига маънан ва руҳан далда бўлиш, кўнгилларига кўтаринки кайфият улашиш мақсадида мутасаддилар томонидан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу борада Сирдарё вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари ҳам қараб тургани йўқ. Ижодкорлар томонидан шу йилнинг 3 май куни соат 17:00 ва 4 май куни соат 14:00 да Гулистон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати биносига олиб келинган ҳамюртларимиз учун “Биз сиз билан биргамиз!” шиори остида маънавий-маданий мусиқий дастури намойиш этилди. 4 май кунги дастурда театрнинг истеъдодли ва тажрибали санъаткорлари Раъно Юнусова, Қандиёр Рустамов, Раъно Ҳайитова, Бекзод Мирсаидов ҳамда ёш ижодкоримиз Мадинахон Абдураҳмоновалар ўзларининг ижод намуналарини аҳолига армуғон этишди.

Ушбу дастур орқали талофат туфайли тушкунликка тушиб қолган юртдошларимиз кўнглига кўтаринкилик кайфияти улашилган бўлса, театр ижодкорларининг асл мақсади шу эди.

 

Охирги янгиланиш: 23.05.2020 | 01:01