21 Май 2020
Косонсойда узоқ ва яқин ўтмишига доир материаллар тўпланган бир музей бор

Наманганда Косонсой тарихи музейи бор. Бу ерда ҳудуднинг яқин ва узоқ ўтмишига доир жуда кўп қизиқарли материаллар тўпланган.
Мазкур маскан айни пайтда Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейининг филиали ҳисобланади. Косон деб аталган ушбу кўҳна гўшада ҳали тўла ўрганилмаган хилма-хил археологик ёдгорликлар мавжуд. Муғтепа, Муғхона, Гўримирон, Дашттепа, Дукортепа, Навжартепа, Нағоратепа, Тагижар, Тергачи, Юмалоқшайхмозор каби манзилгоҳлардан ҳозир ҳам узоқ ўтмиш нафасини ўзида акс эттирган нодир ашёлар келтириб турилади.
Улардан бири – бежирим ишланган, уч оёқчали, бандли штрих чизиқлар билан зеб берилган кўзача. 
Буни туман марказидаги Махдуми Аъзам номли маҳаллада яшовчи Адҳамжон Умаров тақдим этган. У бу қадимий буюмни яқин атрофдан оқиб ўтувчи сой ён бағридаги жарликдан топган. Ўша куниёқ музей илмий ходимлари Муҳаммад Акрамов ва Ҳабибулло Караев кўза топилган жойни кўздан кечирдилар. Ҳақиқатан жарликда дарахтлар билан иҳоталанган туйнуклар мавжуд бўлиб, уларнинг четлари пишиқ ғишт билан ярим айлана шаклида уриб чиқилган. Атрофда сополдан ясалган идиш синиқлари сочилиб ётарди.
– Маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашганимизда улар яқингача баландлиги 10-12 метрли жарликда ўнтача хумдон тешиклари бўлганини айтишди, аммо йиллар давомида жарлик нураб, емирилиб кетган. Ҳозир иккитагина хумдоннинг кириш қисми сақланиб турибди. Биз уларни музейда намойиш этиш мақсадида фотосуратга ва видеотасвирга олдик, – дейди музей илмий ходими М. Акрамов.
Орадан асрлар ўтганига қарамай ўзининг жилосини йўқотмаган ва яқинда экспозициялардан ўрин олган кулолчилик буюмларига эътиборни тортади. Улар туман марказидан унча узоқ бўлмаган Тергачи қишлоғидаги Тофтуқ ота қабристонидан топилган. Бу ерга ўтган йили уюштирилган археологик экспедицияда музей илмий ходимлари иштирок этиб, қатор топилмаларни қўлга киритди. Улар орасида нафис ишланган кўза, хум, коса каби жами элликтадан ортиқ сопол идиш бор ва аксарияти яхши сақланган.
Мутахассисларнинг фикрича, қадимги кулоллар ясаган буюмлар хумдонда пиширилган. Айримларига ўша пайтдаги ноёб бўёқларда пардоз берилган. Бунда айниқса, сарғиш ва қизғиш ранглардан кўпроқ фойдаланилган. Сопол буюмларнинг турли ҳажмдалиги, ташқи кўриниши ва тайёрлаш услуби ўша пайтларда кулолчилик бирмунча ривожланганлигидан далолат беради. Баъзи кўзачаларнинг ён деворлари ўта юпқа, яъни 3-4 миллиметр қилиб ишланганлиги эса ҳунармандларнинг маҳорат даражаси юксаклигидан далолат беради.
Яқинда эса музей яна бир қатор янги экспонатлар билан тўлдирилди. Яқин ўтмишдаги аждодларимиз ҳаёт тарзидан гувоҳлик берувчи буюмларни туманда кўпчилик яхши танийдиган санъаткорлар Қаюмжон Қориев ва Абдунаби Мамажонов туҳфа этишди. Бир вақтлар уларнинг бош-қошлигида “Хушнаво“ ашула ва рақс дастаси ташкил этилганди. Кейинчалик у халқ жамоаси номига ҳам сазовор бўлган ва мамлакатимиз вилоятларидан ташқари қатор хорижий мамлакатларга ижодий сафарлар ҳам уюштирган.
Бу икки санъаткор айни пайтда нафақадаликларига қарамай, санъатга ихлосманд ёшларга ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқдалар. Улар музейга ташриф буюриб бир туркум тарихий ашёларни тортиқ этишди. Юз йилдан зиёд тарихга эга қўлёзма китоблар, яқин ўтмишимиздан ҳикоя қилувчи фотосуратлар, грампластинкалар,мусиқа асбоблари, турли тарихий ҳужжатлар бор.
Айниқса, эски, аммо ҳануз ишлайдиган, қўлда айлантириладиган патефон кўпчиликнинг эътиборини тортмай қўймайди. Унинг ўзига яраша тарихи ҳам бор. Маълум бўлишича, патефонни биз юқорида тилга олган Қаюмжон ота Қориевнинг амакиси Юсуфжон Маҳкамов 1932 йили Термизда ҳарбий командирлар тайёрлаш курсида ўқиган чоғларида сотиб олган ва уйига олиб келган. Юсуфжон ота Иккинчи жаҳон урушида Польшани озод этиш учун олиб борилган жангларда ҳалок бўлган. Ўшандан бери жасур жангчидан ёдгорлик сифатида хонадонда сақланган патефон энди музей экспонатлари қаторидан жой олди.

Коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин тугаши билан музей яна иш бошлайди.

Охирги янгиланиш: 23.05.2020 | 01:01