11 Июнь 2020
ТАРИХИЙ ХОТИРАСИЗ КЕЛАЖАК ЙЎҚ

Ўзбекистон ўзининг юзлаб катта-кичик шаҳарларига эга. Ана шундай шаҳарлардан бири Наманган-Фарғона водийсининг шимолида, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган. Наманганда илмий, маънавий-маърифий, маданий муассасалар бисёр. Шулардан бири Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи тарихига бир назар ташлайлик.
Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейи бугунги кунда 100 йиллик тарихга эга. 1918 йил 19 апрелдаги Туркистон республикаси халқ комиссарлари советининг декретига асосан Наманган шаҳрининг марказидаги савдогар Ҳамдам Қаландаров дўкони биноси музей учун ажратиб берилди. Бу 1920 йилда амалга ошганди. Музей Наманган шаҳридаги 1-мактабнинг физика ўқитувчиси Владимир Иванович Иванов ташаббуси билан ташкил этилган. Владимир Иванов 1919 йили халқ таълими нозирлигига ёзган хатида ўқувчиларга пухта билим бериш мақсадида Наманган шаҳрининг мактабларидаги барча физика фани ўқув асбобларини бир жойга жамлаш ва ягона физика лаборатория хонасини ташкил этишни таклиф қилган. Бу таклиф эса халқ таълими нозирлиги томонидан бажонидил маъқулланган. Маҳаллий ташкилот Туркистон оқсоқоллари Кенгаши маданият бўлимининг қарорига асосан Наманган шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида физика музей кабинети ишга тушди.
Республикадаги кекса маънавий-маърифий муассаса бўлган музей мазкур бинода 1988 йилга қадар фаолият юритди.
Наманган вилоят ўлкашунослик музейи ташкил бўлган дастлабки йилларда жамғарма фонди, бўлим ва экспозицияларни очиш учун етарли экспонатлар йўқ эди. Асосан экспонатлар геология, минерология ва зоологияга тегишли бўлиб, хазина фондида 1000 га етмаган ашёлар бор эди.

1920-йилда Ҳамдам Қаландаров дукони биноси музей учун ажратиб берилди.

1938 йилда музей кўргазма залларини қайта жиҳозлаш мақсадида вақтинчалик ёпилди. 1939 йилда табиат, тарих каби бўлимлар ташкил этилиб, жиҳозлаш ишлари тугагач, яна ўз ишини давом эттирди. 1940 йилга келиб эса экспонатлар сони 10000 тани ташкил этди. Унда ўлкамиз табиатига, тарихий ёдгорликларига, меъморчилик, амалий санъат, тиббиёт, маданий ҳаётни акс эттирувчи экспонатлар жамланди. Музейга ташриф буюрувчилар сони 23000 кишини ташкил этди. 1941 йил 2-жаҳон уруши бошланди ва 1943 йилга қадар музей ўз фаолиятини вақтинча тўхтатди. 1943 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Олий советининг Наманган вилоятини ташкил этиш бўйича ташкилий қўмитаси томонидан Наманган вилоят ўлкашунослик музейини қайта очиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1945 йилдан вилоят ўлкани ўрганиш музейи 4 та бўлимга эга бўлган ҳолда қайтадан иш бошлади. 
1988 йил 22 апрелда Наманган шаҳрининг Нодим Намонгоний кўчасида музей учун махсус лойиҳа асосида 3 қаватдан иборат кўркам бино барпо этилиб, шу йилдан  бошлаб музей янги бинода фаолият юрита бошлади.

Ходимларнинг жонбозликлари ва самарали меҳнатлари натижасида музей 1998 йилда 1-тоифали музейлар қаторига кирди.

Ташкилотнинг тараққиётида бошқарувнинг аҳамияти катта. Қўҳна даргоҳнинг ривожи ва тараққиётида жонкуяр раҳбарлардан бири Иброҳимжон Юнусович Юсуповдир. У 2004 йилнинг августидан Наманган вилоят ўлкани ўрганиш музейига директор бўлиб тайинланди. Шу кундан бошлаб музейнинг илмий салоҳиятида тубдан ўзгаришлар ясалди, музей тараққиётида ривожланиш босқичига кўтарилди. Жумладан, 2004-2017 йилларда тарих, этнография, Наманган адабий муҳити, Мустақиллик йилларида Наманган экспозициялари замон талаблари руҳида янги экспозицион режалар асосида қайта жиҳозланди ва зиёратчиларга ҳавола этилди. Бу ишларни амалга оширишда Э.Мирзаалиев, Э.Қорабоев, Л.Аҳмадалиева, Н.Мўминова, А.Азизов, Д.Аҳмаджанова, Г.Валиева, М.Каримов, И. Каримов, Ж.Исмоилов, Ф.Рўзибоев, Х.Усмонов ва шу ўринда Косонсой туман тарих музейи филиалидан М.Акрамов, Ҳ.Қараев, А.Алохонов, Р.Атахоновалар алоҳида жонбозлик кўрсатдилар. Ҳозирги кунда Наманган вилоят тарихи ва маданияти давлат музейида хазина, тарих, табиат, адабиёт ва санъат, мустақиллик, маънавият, хотира ва қадрлаш бўлимлари фаолият юритмоқда.

Косонсой тарих музейи 
Қараев Ҳабибулло.

 

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40