12 Июнь 2020
Сардобаликлар театр ижодкорларидан мамнун бўлишди

Жорий йилнинг 12июнь куни соат 10:00 да Сирдарё вилоят мусиқали драма театрининг бир гуруҳ ижодкорлари Гулистон ихтисослашган олимпия захиралари мактаб-интернатидаги Сардоба талофатидан эвакуация қилинган аҳоли даврасида бўлишди. Санъаткорлар томонидан сардобаликларга Н.Аббосхон қаламига мансуб “Инсон ўзинг...” спектакли,ҳажвий кўринишдаги ранг-баранг саҳна кўринишлари ва театр хонандалари ижросида дилтортар куй-қўшиқлар тақдим этилди.Ижодкорлар томошаларни санитария-гигиена талабларига риоя этган ҳолда намойиш этишди.

Ижро этилган спектакль ва мусиқали томоша барчага бирдай манзур бўлди. “Инсон ўзинг...” спектакли театр бош режиссёри Мансур Холиқов томонидан саҳналаштирилган бўлиб, ролларни устоз санъаткорлар ҳамда ёш истеъдодли ижодкорлар гавдалантирган. Ундаги воқеалар ҳам драматик, ҳам ҳажвий-юмор оҳангида ва жиддий зиддиятлар асосидаги кўринишларда содир бўлади. Томошабинлар эса мушоҳада қилиш билан бирга юзларида табассум барх уриб, мароқ билан кулишиб, беихтиёр кўзларини ёшлаб олишди.

Спектаклдан сўнг театрнинг хушовоз хонандалари Ўткир ва Ўктам Исоқовлар томонидан шўх қўшиқлар ижро этилиб, иштирокчиларга кўтаринки руҳ бағишлади. Иқтидорли актёрлар Шерзод Каттабобоев ва Ҳусан Мусурмонқуловлар ижросидаги юморга бой латифалар ҳамда саҳна кўринишлари уларнинг қалбига завқу шавқ улашди.

Бўлиб ўтган мазкур тадбир вилоят телерадикомпаниясининг “Sirdaryo”телеканали ижодкорлари томонидан ёзиб олиниб кенг қамровда ёритилди.

Бир сўз билан айтганда сардобаликлар театр ижодкорларидан мамнун бўлиб, ўз миннатдорлигини изҳор этар экан, санъаткорлардан яна янги театр томошалари билан келишларини сўраб қолишди.

 

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40