12 Июнь 2020
Фармон ва Қарор ижрода

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш мажлиси видеоконференция тарзида бўлиб ўтди.

Ушбу Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6000-сон фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4730 қарори ижроси юзасидан илк мажлисини бошлади.

Унда Кенгаш аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жумладан; Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вакиллари иштирок этдилар.

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясининг 2021–2025 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларига эришиш бўйича ҳар бир ҳудудни қамраб олган 5 йилликни кўзда тутувчи чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш мақсадида турли вазирлик ва идораларга тегишлилик бўйича муддатли топшириқлар берилди.

Жумладан: Маданият вазирлиги томонидан “Ijro.gov.uz” тизимида бажарилмаган топшириқлар ижросини вазирликда пухта таҳлил қилиб, зудлик билан ижросини таъминлаш;

Хоразм вилоятида “Лазги” академияси ва Рақс олий мактабини ташкил қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходими раҳбарлигида Маданият, Молия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб масалани ўрганиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш;

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда Муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Маданият вазирлиги ҳамкорлигида концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн порталини ташкил қилиш юзасидан тақдимот ўтказиш;

Молия вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги тақдим этадиган асосланган ҳисоб-китобларига асосан ижодкорларнинг қалам ҳақидан бўлган қарздорликни қоплаш чораларини кўриш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари “Адиблар хиёбони”га ёшларни олиб келиш бўйича график тасдиқлаш ҳамда нусхасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Маданият вазирлиги оммавий ташриф буюриладиган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва музейлар рўйхатини тасдиқлаш чораларини кўриши;

2021 йил 1 июлдан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва музейлар ҳамда театрларга элекрон турникет ўрнатилишини инобатга олиб, 2020 йил сентябрга қадар сетевой график ишлаб чиқиб, турникет ўрнатиладиган объектларнинг манзилли рўйхатини тасдиқлаш;

Маданият вазирлиги томонидан “Ўзбекдавлатцирк”ига одамлар ташрифини кўпайтириш бўйича алоҳида концепция ишлаб чиқиб, тақдимот ўтказиш;

Маданий мерос ва музейлар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва вазифалар тўғрисида тақдимот ўтказиш;

Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги 2020 йил охиригача барча болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда умумтаълим мактабларини мусиқа чолғулари, нота ва адабиётлар билан таъминланганлик даражасини ўрганиш мақсадида Маданият вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳи тузиб, жойларга чиққан ҳолда мавжуд эҳтиёжни аниқлаш;

Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Йилнинг энг яхши асари” республика танловларини ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

 

 

 

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40