15 Июнь 2020
“МУҒТИРНОҚ”

Наманган вилояти Косонсой туманида тоғ ёнбағрида ясаниб ётган Қадимги Косон харобалари гавдалана бошлайди. Ёдгорлик сойнинг чап қирғоғида жойлашган. Маҳаллий аҳоли уларни  Муғтепа ёхуд Муғқалъа, яъни афсонавий баҳайбат “муғларнинг қалъаси” деб атайди. Эмишки, улар ғайридинлар бўлиб, араблар истилосига қадар шу ерда ҳаёт кечирганлар. Шаҳристон ва унинг атрофларида бўрли денгиз малюскаларининг тошга айланган қолдиқлари сочилиб ётибди. Маҳаллий аҳоли уларни муғлар тирноқларининг қолдиқлари, яъни “муғтирноқ” деб атайдилар. Айтишларича, Фарғонага ислом тарқалганидан сўнг ноилож қолган муғлар умидсизликдан тирноқлари билан ерни шу қадар тирнаган эканларки, тирноқлари узилиб тушиб, тошга айланган эмиш...”
Юқорида 1939 йили Қадимий Косон шаҳристонининг муғ қалъасида археологик қазишма олиб борган академик М.Е.Массоннинг эсдаликларидан парча келтирдик (Массон Е.М. Из воспоминаний Среднеазиатского археолога... С. 163-164).
М.Е.Массон халқдан эшитган ривоят ва афсоналарни ўз кундаликларида ёзиб қолдирган. Лекин кўҳна Косон шаҳристонининг ён-атрофларида турли денгиз малюскаларининг тошга айланган қолдиқлари қаердан пайдо бўлиб қолган? 
Азал-азалдан кўҳна Кососн ҳудудида турли рудалар, олтин конлари бўлган. Нефт ва газ захиралари аниқланиб, фойдаланиб келинмоқда. Шифобахш минерал сув булоқлари мавжуд. Турли қурилиш материаллари, тоғ ва сой тошлари, қум, оҳактош, мармар ва тегирмон тошлари каби аҳоли эҳтиёжи учун зарур манбаларнинг табиий захиралари мавжуд. 
Косонсойнинг ҳозирги шаклига келишига бир қанча геологик давр процеесларининг роли жуда каттадир. Туманнинг геологик тарихи Ўрта Осиёнинг геологик тарихи билан боғлиқ, жуда мураккаб ва хилма хилдир. 
Миллион йиллар аввал, палеозой эрасининг бошидан то учламчи даврнинг ўрталаригача туманнинг ўрнини гоҳ тоғлар, гоҳ денгиз эгаллаб турган. Денгиз остидан тоғ ҳосил қилувчи процесслар, яъни бурмаланиш бошлангандан сўнг туман ҳудудида тоғсимон қуруқликлар вужудга кела бошлаган. Бунинг натижасида денгиз жанубга томон чекина бошлаган. Бу ҳодиса эса палеозой эрасининг девон ва тошкўмир даврига тўғри келади. Каледон тоғ бурмаланиш даврида қуруқлик кўпайиб тоғ занжирларини вужудга келтира бошлаган. 
Палеозойнинг охирги тоғ бурмаланиши натижасида денгиз жанубга чекинган. Мезозой ва триас даврида кўтарилиш ва чўкиш ҳодисалари анча суст ўтган.
Юра даврига келиб эса нам иқлим ҳукм сурган.
Бўр даврида нам субтропик иқлим қуруқ чўл иқлими билан алмашган. Натижада чучук сув кетган. Худди шу даврга келиб ҳосил бўлган тоғлар емирилган, пасайган ва текисланган. 
Кайназой эрасининг учламчи даврининг қуйи босқичида, яъни неогенда туманнинг тарихида яна бир Альп бурмаланиш ҳодисаси юз беради. Натижада эски тоғлар янгидан кўтарила бошлаган. Албатта, бу бурмаланиш даврида ҳамма ҳудуд бирдан кўтарилмай, баъзи жойлар чўккан ҳам. Туманнинг тоғ ва адирлари, воҳалари, тўртламчи геологик даврнинг катта-кичик дарёлари ва ирмоқлари фаолиятидан ҳосил бўлган. Шундай геологик тарихни бошдан кечирган туманнинг ҳозирги рельефи турли-тумандир. Туманнинг геологик ўтмишида охирги тоғ ҳосил бўлиши процесси Альп бурмаланиши бўлиб, бу жараён ҳозир ҳам давом этмоқда. Бунга кўп вақтлардан бери бўлиб келаётган ер қимирлаш ҳодисалари гувоҳлик беради. Туман ҳудуди геологик фаол зонада жойлашган бўлиб, 8-9 баллгача зилзила бўлиши мумкин. Ернинг ички геологик структураси герцин даврида шаклланган бўлиб Чотқол-Қурама тектоник бурмаланишдан иборат. 
Демак, “Муғтирноқ”лар геологик ўзгаришлар, яъни гоҳ денгиз, гоҳ тоғлар вужудга келган даврларда пайдо бўлган. Бўрли денгиз молюскаларининг тошга айланган қолдиқлари, адирликлар тоғ этакларида ҳозир ҳам учрайди.                      

Косонсой тарих музейи
Акрамов  Муҳаммадхон

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40