23 Июнь 2020
“НУР ТАРАЛИБ ТУРГАН ШАҲАР”

Бухорои шариф Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида дунёнинг энг мўътабар шаҳарларидан бири сифатида эътироф этилган. Бу улуғ кент кўп номларга эга дейди муаррих ўз она шаҳри ҳақида.

Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ўз китобида Бухорони Нумижкат деган номини келтирган. Яна бошқа бир манбада уни Бумискат деб аташган. Айрим асарларда араб тилида “Мадинат ус-суфрия”, яъни “Мис шаҳар” ёки “Мадинат ут-тужжор”, яъни “Савдогарлар шаҳри” деб ёзилган.

Бухоро деган ном эса у номларнинг ҳаммасидан машҳурроғидир, -дейди тарихчи. Бир ҳадисда Бухоро номи Фохира бўлиб келган. Хожа имом Муҳаммад ибн Али Нужободий Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан бир ҳадис ривоят қилган.

Унинг айтишича, Пайғамбар (С.А.В.) шундай деган: Жаброил алайҳиссалом айтганки, кун чиқиш томонда бир жой бор, уни Хуросон дейдилар, унинг учта шаҳарини қиёмат куни ёқут ва маржон билан зийнатлаб келтирадилар; улардан нур чиқиб туради; бу шаҳарларнинг теварагида фаришталар кўп бўлиб, улар тасбиҳ, ҳамд ва такбир айтадилар, келинни куёв уйида олиб боргандек, мазкур шаҳарларни эъзоз ва икром билан маҳшаргоҳга олиб келадилар.

Бу шаҳарларнинг ҳар бирида етмиш мингдан байроқ, ҳар бир байроқ тагида етмиш минг нафардан шаҳид (ётган) бўлади ва ҳар бир шаҳиднинг шафоати билан ...худони бир деб билувчи етмиш минг киши азобдан қутилади. Қиёмат куни бу шаҳарларнинг ҳар тарафи: ўнг ва сўли, олди ва орқаси ўн кунлик йўл бўлиб, бу ерларда шаҳидлар туради.

Ҳазрат Пайғамбаримиз (С.А.В.) “Эй Жаброил! Бу шаҳарларнинг номларини менга айт, дедилар. Жаброил алайҳиссалом мазкур шаҳарларнинг бирини араб тилида Қосимий, форсчада Яшкард, дейдилар; иккинчисини арабчада Самарон, форсчада Самарқанд дейдилар; учинчиси арабчада Фохира, форсчада Бухоро дейдилар, деб жавоб берди.

Шундан сўнг Пайғамбаримиз (С.А.В.) сўрадилар: Эй Жаброил! Нега Бухорони Фохира деб атайдилар? Жаброил: шунинг учунки, қиёмат куни Бухоро шаҳри ўзида шаҳидлар(Аллоҳ йўлида ҳалок бўлган)нинг кўплиги билан фахр қилади, деб жавоб берди. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам хитоб қилиб: Эй худо! Фохира(Бухоро)га баракат бергин, унинг халқи дилларини тақво билан пок этган, ишларини покиза қилган ва уларнинг менинг умматимга марҳаматли қилган!-деб дуо қилдилар.

Ана шу дуога бухороликларнинг раҳмдилликларига, уларнинг эътиқодлилик ва покликларига кун чиқиш ва кун ботиш гувоҳлик берди, -деб ёзади Наршахий. Албатта Расули акрам(С.А.В.) дуосининг мустажоб бўлганлигидан азиз-авлиёлар шаҳри Бухородан Ислом нури ва файзу барака таралиб туради.

 

Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи

ўринбосари Ғолибжон Баротов тайёрлади

Охирги янгиланиш: 03.07.2020 | 20:41