23 Июнь 2020
ЎЗБЕК ТЕАТРШУНОСЛИК МАКТАБИ ФАХРИЙСИ

Инсон – жамиятнинг юраги, унинг фаолияти ва меҳнати ана шу юракни ишлатади. Орамизда шундай инсонлар борки, улар ҳар доим ўзгаларга ибрат, халқимиз ардоғидаги намуна, ҳаёт йўлларимиздаги йўлчироқ бўла олади. Ҳалол меҳнат инсонни улуғлайди, қадрини баланд қилади. Қаҳрамонимиз Муҳаббат Тўлахўжаева ҳам ана шундай ўзгаларга ибрат бўладиган, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган олима, тажрибали педагог бўлиб, уларнинг меҳнати ўзбек театршунослик мактабининг ривожланишида муҳим ўрин эгаллайди.

Муҳаббат Тўлахўжаева 1946 йили 23 июнь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган, отаси Ўзбекистон халқ шоири Туроб Тўла, онаси Тамара Тўлахўжаева, укаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нозим Тўлахўжаев бўлиб, улар оилавий адабиёт ва санъат ичида яшашган.

Муҳаббат опа 1969 йили аввалги Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Ўзининг илмий-ижодий фаолиятини Максим Горький номидаги рус драма театрида режиссёр ёрдамчилигидан бошлаган. 1974-1978 йиллари Россиянинг Москва шаҳридаги Бутунитифоқ илмий текшириш институти аспирантурасида таҳсил олган. 2011 йилдан буён Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси профессори лавозимида ишлаб келмоқда.

Педагог “Театршунослик” курси бадиий раҳбари бўлиб, талабаларга драма назарияси, хореография тарихи, режиссёрлик ва актёрлик санъати асослари фанларидан сабоқ беради. Сарвиноз Қодированинг номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳамда Анвар Исмоиловнинг PhD докторлик диссертацияларига раҳбарлик қилган. Ҳозирда эса Гавҳар Назарова, Шаҳло Хамидова ҳамда Матлуба Исоқоваларнинг PhD диссертацияси бўйича илмий тадқиқотларига раҳбарлик қилмоқда.

Олиманинг “Узбекская драматургия на сцене театра”, Режиссура узбекского драматического театра (тенденции развития и современные проблемы номли монографиялари чоп этилган. “Ўзбек миллий академик драма театри тарихи 2 томлик (ҳаммуаллифликда), 2008 ва 2009 йилларда гранд асосида “Зрелищные искусства Узбекистана китобларини тайёрлаган. Ўзбек миллий театрининг 100 йиллигига бағишланган “Ўзбек миллий академик драма театри” китобининг ҳаммуаллифи, “Драма назарияси”, “Театр танкидчилиги” (мақолалар тўплами), “Баҳодир Йулдошев макон ва замонда”, ҳамда “Людмила Грязнова” китобларини нашр эттирган. Шу кунларда “История театра. Узбекский театр периода Независимости” номли ўқув қўлланмаси институт илмий кенгаши тасдиғидан ўтди.

Муҳаббат Тўлахўжаеванинг илмий фаолиятида кўплаб тезислар республика ва халқаро илмий-амалий конференцияларда чоп этилган, Поэзия Алишера Навои в версиях драматической сцены современного узбекского театра илмий мақоласи Европейский театр в исламском мире: постсоветские трансформации в театральном искусстве стран Центральной Азии халқаро конференциясида, К вопросу о периодизации истории узбекского театра в книге Центрально-азиатский регион: прошлое и настоящее. Материалы Международного симпозиума-Алматы 2006, Диалог культур и проблемы взаимосвязей в сценическом искусстве Узбекистана в книге Пушкин-Абай и казахская литература» Алматы 2006, “Узбекский театр в период Независимости” в книге “Искусство Узбекистана на современном этапе социо-культурного развития” Ташкент 2006, шунингдек, олима Тюмень, Душанбе, Казань, Пекин, Олма ота каби шаҳарларда ташкил этилган халқаро конференцияларда координатор ва модератор сифатида иштирок этган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг жамоат кенгаши аъзоси, “Театр” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси, “Памятники истории и культуры Казахстана”, “ЎзДСМИ хабарлари” журнали таҳрир ҳайъати азоси саналади.

Муҳаббат опа ўзининг илмий изланишлари билан ўзбек театршунослик мактабида улкан боғ яратдилар. Мамажон Раҳмонов, Муҳсин Қодиров, Тешабой Баяндиев, Тоир Исломов, Ҳамидулла Икромов каби улуғ устозларнинг йўлларини давом эттириб келмоқдалар. Маданий ҳаётимизда яратилаётган кўплаб спектакллар муҳокамаларида раҳбарлик қилиб, ҳар доим ўзларининг муҳим ва ёрқин фикрларини билдирадилар, ёш мутахассисларга ва талабаларга ўргатишдан толмайдилар.

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Муҳаббат Тўлахўжаева бу йили 74 ёшни нишонламоқдалар. Театршунос олимага сиҳат-саломатлик, илмий-ижодий фаолиятида янада улкан зафарлар, ҳар доим миллат ардоғида бўлишни, узоқ умр кўришни тилаб қоламиз.

 

Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Гавҳар НАЗАРОВА

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият

институти докторантлари

 

 

 

Охирги янгиланиш: 03.07.2020 | 20:41