24 Июнь 2020
Ўзбекистонда музей ва театрларнинг маркетинг фаолияти ривожалантирилади.

Маҳаллий ва хорижий туристларнинг мамлакат бўйлаб саёҳатларини рағбатлантириш, туристлар учун қулай инфратузилма яратиш, ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида буюк тарихимизни намоён этувчи очиқ осмон остидаги музей шаҳарлар ташкил этиш, музей ва театрлар фаолиятини такомиллаштириш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқлиб, бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 майда “Ўзбекистон Республикасида музей ва театрларнинг маркетинг фаолиятини самарадорлигини ошириш тўғрисида” 325-сон қароринин қабул қилинганилиги маҳаллий ва хорижий туристларнинг ташрифи учун кенг шароитлар яратиш, уларнинг саёҳат дастурларини мазмунан бойитишга ва кўрсатиладиган хизматлар турларини кенгайтириш ҳисобига туризмни жадал ривожлантиришга замин яратилади.

Мазкур қарор билан “Жонли музей” ва “Муҳташам театр” лойиҳалари амалга оширилади. Лойиҳа доирасида музейларда хорижий тилларни мукаммал биладиган гид (гид-таржимон), музей брендини тарғиб қилиш бўйича маркетолог ва унинг хизматларини монетизация қилиш бўйича мутахассис лавозимлари жорий қилинди. Бугунги кунда рақобат муҳитида аксарият музейлар ушбу касбга эҳтиёжи юқори даражада қолмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу лавозимларнинг жорий этилиши музей фаолиятини тарғиб қилиш самарадорлигини ошишига сабаб бўлиб, бу борада ҳар бир музей ўзларининг истиқболли, қисқа ва узоқ муддатли маркетинг стратегиясини ва режаларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Энг эътиборлиси ҳар йили камида иккита музейнинг, шу жумладан битта ҳудудий музейнинг бренди яратилади ва хорижий оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишлари ташкил этилади.

Қарор билан маданият объектларининг муаммоларини ҳал қилиш, муҳим маданий лойиҳаларни амалга оширишда маслаҳат, молиявий, ташкилий кўмак кўрсатадиган таниқли олимлар, ҳомийлар, маданият арбоблари ва санъатшунослардан иборат “Маданият объектларининг дўстлари клуби” ташкил этилади.

Ушбу клуб маданият объектлари дастурларини қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш мақсадида турли тадбирлар, шу жумладан, маблағ тўплаш (фандрейзинг) тадбирларини ҳам олиб боради. Хусусан бу тизим ғарб давлатларида анча тараққий этган. Мисол учун, Лондон миллий галереясида оддий "Жорж Бумон гуруҳи" (музейнинг биринчи хайрячиси номи билан аталган) мавжуд бўлиб, унинг таркибига галереяга ҳар йили камида 1000 фунтдан кам бўлмаган миқдорда ҳисса қўшадиган корпорациялар, ташкилотлар, арбоблар ва бошқа жисмоний шахслар киради.

Бундан кўзланган асосий мақсад маданият объектлари ва улар атрофидаги объектларда тегишли инфратузилмани шакллантириш ва ривожлантиришга қаратилган.

Шу жиҳатдан музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш орқали кўрсатиладиган хизматларнинг интерактивлигини ошириш, шу жумладан “smart” технологияларни (ахборот дўкончалари, 3D визуализация ва голограмма, QR-кодлар, чет тилларидаги электрон гидлар ва ҳоказолар) жорий этиш, энг аввало, туристлар учун мўлжалланган, интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда музей ва театрларнинг фаолиятига инновацион ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, музей экспонатларининг рақамли шаклларини яратиш орқали уларни кўриш имконини берадиган инфратузилмани яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу боис, музей ва театрларда ахборот ва виртуал воқелик технологиялардан фойдаланган ҳолда уларнинг замонавий инфратузилмасни ривожлантириш, интерфаол зоналар яратиш масалаларига ҳам қарорда алоҳида эътибор қаратилган.

Сенсор киосоклар ва интерфаол мониторлар эса ташриф буюрувчига керакли маълумотни хоҳишига кўра танлаш, кўргазмада фаол иштирок этиш, реал кўргазмада намойиш этилмаган ашёлар ва тарихий жараёнлар билан танишиш, музей ва театр оламида ўзини эстетик ва маънан эркин ҳис қила олиш имконини беради.

Ушбу янги технологияларнинг қўлланилиши халқимиз ва туристларга қулайлик яратиш, тарихимизни кенг тарғиб қилиш, экспонатлар ҳақидаги кенгайтирилган маълумотларни қизиқарли тарзда тақдим этиш имкониятини яратди.

Шунингдек, 2020 йил 1 августдан бошлаб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон миллий академик драма театри, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри, “Бухоро” давлат музей-қўриқхонасида кириш чипталари электрон-билет операциялари ягона электрон тизими орқали амалга оширилиши белгиланди. Бу ташриф буюрувчиларга чипталарни харид қилишда янада кенг қулай имкониятларни яратиб беради.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2023 йил 1 январгача Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон миллий академик драма театри, “Мингўрик” шаҳарчаси, Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Хамар халқаро алоқалар маркази” давлат корхонасининг хизматларини монетизация қилиш ва брендини тарғиб қилишга қаратилган чоралар амалга оширилади.

Қарорда шунингдек, музей ва театрлар фаолияти ва материалларини намойиш этишнинг янги усуллари татбиқ этиш, ноанъанавий дастурлари ишлаб чиқиш, махсус музей тузилмалари, қизиқарли туризм дастурлари яратилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, UNESCO ҳузуридаги Халқаро театр институтининг маркази ташкил этилади ва Халқаро музейлар кенгаши билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Охирги янгиланиш: 03.07.2020 | 20:41