05 Август 2020
Бухорода маданий мерос объектларининг инновацион мобил иловаси яратилмоқда

БУХОРО МАДАНИЙ МЕРОС БОШҚАРМАСИ ТОМОНИДАН МАҲАЛЛИЙ ВА ХОРИЖИЙ САЁҲЛАР УЧУН ИННОВАЦИОН МОБИЛ ИЛОВАСИ ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4699-сонли Қарорига асосан иқтисодиётнинг кенг тармоқлари ва Ҳукумат фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш бўйича Бухоро вилоят бошқармаси томонидан қатор инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги 846-сонли қарори билан Бухоро вилояти моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига жами 829 та моддий маданий мерос объектлари киритилиб давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 287 та археология ёдгорликлари, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбллари (таркиби билан), 15 та карвонсаройлар, 4 та тим ва тоқлар, 18 та диққатга сазовор жойлар, 122 та қадимий уй-жойлар, 83 та архитектура ёдгорликлари, 17 та монументал ёдгорликлар ҳисобланади.

Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги мавжуд маданий мерос объектлари тўғрисидаги маълумотларни излаш ва улар тўғрисидаги янги маълумотларни киритиш, географик маълумотларни (объектларгача етиб бориш тўғрисидаги) ўзида мужассамлаштирган ахборот тизимини жорий этиш бўйича инновацион мобил иловаси концепцияси ишлаб чиқилди.

Мазкур инновацион мобил илованинг афзаллиги маданий мерос объектларига бориш истагида бўлган хорижий сайёҳлар, тарихчи-олимлар ва маданий мерос соҳаси ходимлари ҳеч қандай қийинчиликсиз аниқ манзилга етиб боришлари мумкин.

Бухоро вилояти маданий мерос бошқармасининг иш фаолиятини янада яхшилаш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40