05 Август 2020
Мақсадимиз таълим сифатини ошириш

 

Бугун нафақат бизнинг юртимизда, балки бутун дунёда инсоният оғир кунларни бошидан кечирмоқда. Дунёнинг иқтисодий жиҳатдан манаман деган давлатлари ҳам бу пандемия олдида ожизлик қилиб қолмоқда. Яратган барчамизни бир силкитиб олди ва бизни яна бир бор огоҳликка, кўзимизни каттароқ очишга, тафаккур қилиб олишга чақирди. Республикамизда шу йил 15 мартдан эътиборан карантин эълон қилинди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ўз халқи ташвиши билан яшаши, дардига ҳамдард эканлиги, айниқса, шу оғир кунларда янада сезилди.

Лекин айни шу кунларда баъзи оммавий ахборот воситаларида пандемия шароитида Республика олий таълим тизимида масофадан дарсларнинг сифатсиз ташкил этилганлиги баҳонасида контракт тўловларини қисқартириш масаласи кўтарилган. Биз бу ўринда ўзаро икки тарафга бўлиниб олиб, тортишмоқчи эмасмиз. Мақсадимиз – бор вазиятни очиқ-ойдин ўртага ташлаш.

Билдирилган фикрларда, айниқса, ижодий таълим йўналишларидаги дарс машғулотлари сифати тўғрисида умумий тарздаги фикрлар билдирилган. Бу борадаги муаммолар таълим муассасаларига ҳам аён. Айни кунларда бу каби нуқсонларни қадамма-қадам бартараф этиш учун педагогларнинг янги таълим шароитидаги касбий маҳоратларини ошириш, янги кўринишдаги ўқув-методик жараёнларни ўзлаштириши устида ишлар олиб борилмоқда. Шунинг учун умумий мулоҳазаларни мавҳум билдирмай аниқ таклифлар баён этилса, кўпроқ фойда бўларди. Айниқса, ижодий қобилиятга эга талабалар бундай фикр беришга билими ҳам, иқтидори ҳам етади. Негаки, ижодий иқтидорга эга истеъдодли шахс, одатда, ҳар томонлама талант соҳиби бўлади.

Тан олиш керак, барча профессор-ўқитувчилар ҳам қисқа вақтда янги форматдаги таълим технологияларини мукаммал ўзлаштиришга қодир эмаслиги аён бўлди. Бу ишларни сифатли ташкил этиш мақсадида профессор-ўқитувчилар учун масофавий малака ошириш курслари ташкил этилди. Олий таълим муассасалари ўртасида ўқув материаллари ҳамда дарсларни олиб бориш методикалари борасида ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилди. Ўқув жараёни тўхтаб қолмаслиги, ўқув курсини жорий ўқув йилида талабалар битириб олишлари учун барча ташкилий, услубий, техник чоралар кўрилди, зарурий ҳисобланган дастурий воситалар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Пандемия шароитида ташкил этилган масофавий таълим жараёнларида институтнинг бутун жамоаси бир ёқадан бош чиқариб фаолият кўрсатди. Карантин ҳолати, деб тек ўтиришмади, бутун тажрибаларини ишга солиб, маҳорат билан дарс машғулотларини олиб боришди. Қолаверса, масофавий таълим масаласига яқин-яқинларда ҳам иложи бўлмаган ҳолат сифатида қараб келинаётган эди. Ҳар ишдан бир хайр, деганларидек, бу соҳада ҳам катта матонат билан етарли тажрибага эга бўлдик. Масофавий таълим сифатини янада ошириш мақсадида янги замонавий ахборот-коммуникация техникаларини харид қилиб, йигирмага яқин аудиториямизни жиҳозламоқдамиз. Бу ишлар яна давом эттирилади.

Қувонарлиси, устозларнинг масофадан туриб берган сабоқлари натижасида кўпгина талабаларимизнинг мустақил ижодий фаолиятлари янада такомиллашди, ўзларининг истеъдодларини янада яққол намоён эта олдилар. Булар бизни қувонтиради, албатта.

Яна бир вазиятни айтиб ўтишни маъқул топдик: бугунги шундай оғир шароитда ҳам битирувчи талабаларимиз Давлат аттестация синовларини муваффақиятли топширишди ва ўз иқтидорларини, ижодий тайёргарликларининг сифати даражасини муносиб кўрсата олишди.

Шартнома тўловлари масаласига келсак, Санъат таълим йўналишларида бир талабанинг бир ўқув йилида ўқитиш харажатининг энг кам миқдори 21 миллион 485 минг 622 сўмни ташкил этади. Ушбу суммадан профессор-ўқитувчи ва ходимлар иш ҳақлари учун 20 миллион 535 минг сўм сарф этилади. Лекин бир талабанинг амалдаги йиллик тўлов суммаси 7 миллион 516 минг 400 сўмни ташкил этмоқда, яъни жорий сақлаш харажатларининг бор-йўғи 35,0 фоизини қопламоқда, холос. Унинг етмай қолган 65,0 фоизи давлат бюджети ҳамда институтнинг бюджетдан ташқари топган маблағлари ҳисобидан қопланади.

Таълим сифати борасидаги турли мулоҳазалар ҳам бизни яна бир бор тафаккур қилишимизга асос бўла олади. Доно халқимиз: Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукур қил, деб бежизга айтмаган.

Юқорида айтилганларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас. Бу ишларнинг, ютуқларнинг замирида чуқур изланиш, катта меҳнат турибди. Булар миннат учун эмас, вазиятни тўғри баҳолаш мақсадида айтилмоқда.

Зора, бу дарддан тезроқ қутилсагу, одамзод ўзига келиб, эзгулик сари интилса! Навоий бобомиз айтганидек, бу дунёда бир-биримизга дўсту ёр бўлиб яшасак, душманликни, ғайирликни унутсак!

 

P.S. Маълумот учун: янги ўқув йилидан контракт асосида ўқийдиган талабаларнинг моддий-иқтисодий имкониятлари ҳар бир таълим муассасаси маъмурияти, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти, касаба уюшмаси томонидан доимий ўрганиб бориш йўлга қўйилади ва амалий ёрдам кўрсатиш тизими жорий этилади. 

Иброҳим Йўлдошев,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлари доктори, профессор

 

Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасидан олинди.

 

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40