05 Август 2020
Бухорода энг оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектларида қайта тиклаш ишлари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Бухоро вилоятидаги энг оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектларида қайта тиклаш ишлари бошлаб юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Ҳукумат уч ой муддатда зиёрат ва анъанавий туризмни ривожлантириш мумкин бўлган маршрутлардаги маданий мерос объектлари сонини 800 тага етказиш бўйича топшириқ берилган эди. Бу борада Бухоро вилоятида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан вилоятдаги маданий мерос объектларини Ўзбекистон ва чет эл фуқаролари орасида кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда 2020 йилда Бухоро вилоятида сайёҳлар ташриф буюрадиган объектлар сонини 139 тага етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Марказлашган инвестициялар ҳисобидан молиялаштирувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати” давлат муассасаси ҳамда Ўзбекистон Республика Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти томонидан тасдиқланган 2020 йил учун маданий мерос объектларида археология ва консервациялаш ишларини, шунингдек реставрация ва қайта тиклаш ишларини олиб бориш бўйича Дастурига асосан Бухоро вилоятидаги энг оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектларида қайта тиклаш ишлари бошлаб юборилди.

Бухоро шаҳридаги “Намозгоҳ”, “Равғангарон”, “Хўжа Калон”, “Қуйи Хонақо”, “Кунжак”, “Лаби Ҳовуз Қози Калон” масжидлари ҳамда “Тошсарой”, “Кўкалдош” ва “Чуқур” мадрасалари, шунингдек Когон тумани Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасининг Токи-Миёна дарвозахонаси қолдиқлари, Шофиркон туманидаги “Хўжа Ориф ар-Ревгарий” (Моҳитобон) мажмуаларида реставрация-таъмирлаш ишлари учун маблағлар ажратилди.

Ҳозирги кунда мазкур обектлар ҳудудида янги туристик мавсумгача тайёрлаш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

 

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40