10 Сентябрь 2020
Ускудар шаҳар ҳокими Назарбеков ҳамда Бўздағни кутубхонада меҳмон қилди.

Озодбек Назарбеков ҳамда Меҳмет Бўздағ Ускудар шаҳар ҳокими Ҳилми Туркменнинг таклифига биноан Ускудардаги Nevmekân Sahil кутубхонасига ташриф буюрди. Дарё соҳилида жойлашган мазкур маданият марказининг файзи ва гўзаллиги ҳамиша ташриф буюрувчиларни мафтун этади. Ускударга келган азиз меҳмон борки, бу даргоҳга кирмасдан кетишига имкон бермаймиз дейди,- Ҳилми Туркмен.

Турк халқи учун ҳақиқий саодат, илм-маърифат маскани бўлмиш бу даргоҳ ўзининг архитектураси, фаолияти, хизматлари, бепул таомлари ва ўз ўқувчисига илиқ муносабати билан шуҳрат қозонган. Асосийси ушбу кутубхона куннинг 24 соатида ҳам жамоатчилик учун очиқ. Кутубхона китоб фонди юз мингтани ташкил этиб, шулардан эллик мингга яқини босма манбалар, ўн саккиз мингтаси электрон манбалар ҳисобланади. Мазкур даргоҳда тунни ўтказувчи талабалар ва бошқа китобсеварлар учун ҳам шароитлар етарлича. Масалан талабалар учун нонушта ёки туннинг баъзи соатларида енгил таомлар бепул тортиқ этилади.

Меҳмонлар Nevmekân маданият маркази қошидаги туркияликларнинг бой тарихини ўзида акс эттирувчи, Усмонийлар империяси ва уларнинг улкан маънавий мероси, бетакрор қадрият ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи қўғирчоқ театри ҳамда ўймакорлик намуналари сақланадиган музейга ҳам саёҳат қилишди.

Мазкур муассасадаги шароит ва имкониятлар билан танишиш жараёнида О. Назарбеков мамлакатимиздаги маданият марказларининг фаолияти ҳақида тўхталиб, санъат, маданият соҳасидаги ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳам гапириб берди ҳамда, бу ўзгаришларни ўз кўзи билан кўриши учун Ҳилми Туркменни Ўзбекистонга таклиф қилди. Учрашув бир пиёла чой устида самимий давом этди.

Охирги янгиланиш: 25.09.2020 | 15:40