10 Октябрь 2020
Жалолиддин Мангуберди — Ватан озодлиги учун курашиб яшашнинг ёрқин тимсоли

Мамлакатимизда буюк алломаларимиз, азиз авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Табаррук қадамжоларнинг тикланаётгани, ноёб маданий бойликларимизни асраб-авайлаш, ўрганиш ва тарғиб этишга кенг шарт-шароитлар ҳозирланаётгани, улуғ аждодларимизнинг юбилей тантаналари ўтказилаётгани, улар ҳақида илмий ҳамда бадиий асарлар яратилаётгани халқимизнинг миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтириш билан бирга, дунёда Ватанимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Президентимиз 2017 йил 3 август куни юртимизнинг ижодкор зиёлилари билан учрашувда агар аждодларимиз хотирасини улуғламоқчи, шу асосда ўзбек номини, Ўзбекистон номини бутун дунёга тараннум этмоқчи эканмиз, бу ишни биринчи навбатда кино санъати орқали амалга оширишимиз кераклигини таъкидлади. Айнан кино санъати орқали жаҳон экранларини забт этишимиз, шу йўл билан дунё аҳлининг диққат-эътиборини қозонишимиз мумкинлигини қайд этди.

Йиғилишда илгари сурилган ғоялар, берилган топшириқ ва вазифалар асносида менда Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги ҳукмдори, моҳир саркарда Жалолиддин Мангуберди сиймосини катта экранларга олиб чиқиш фикри уйғонган эди. Зеро, ушбу буюк шахснинг умр мазмуни, ҳаётий аъмоли, қарашлари, бажарган ишлари ҳар биримиз учун ибратдир.

Ҳар бир халқнинг бахти нимада? Шубҳасиз, унинг эркинлигида, озодлигида. Агар у фаровон ҳаёт кечирса-ю, лекин тақдирини бошқалар ҳал қилиб турса, бу халқ “Бахтлиман!” деб баралла айта олмайди. Шу маънода бошимизда порлаб турган истиқлол қуёшининг қадр-қимматини ёшлар онгига сингдириш, ўзликни чуқур англатиш, миллий ғурурни юксалтириш ғоявий хуружлар мустамлакачиликнинг замонавий кўринишига айланган бугунги олағовур дунёда ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Бу борада тарихимизнинг ажралмас саҳифалари бўлган Жалолиддин Мангуберди образи ўта таъсирчан, шонли ва ишончлидир. Шундан келиб чиқиб, “Мендирман Жалолиддин” сериалини суратга олишга қарор қилдик.

Тўғрисини айтиш керак: улуғ саркарда ҳақида “Мендирман” қўшиғини айтмагунимча Жалолиддин Мангуберди ҳақида деярли ҳеч нарса билмасдим. Ва бунга ўзимни айбдор деб ҳисобламайман. Чунки қаерда таълим олишимиздан қатъи назар бизнинг авлодга бу улуғ инсон ҳақида маълумот берилмаган. Жумладан, мен тенги ва биздан ёши катта кишиларда ушбу буюк аждодимиз ҳақида деярли фикр-тушунча йўқ. Бинобарин, элимизнинг ёвқур ўғлони — халқ қаҳрамонини билиш, уни англаш қалбларга ҳуррият эпкинларини олиб кириши, инсонларда мустамлакачиликка, зулм ва истибдодга қарши кураш туйғуларини жунбишга келтириши мумкин эди-да.

Аслини айтганда, сохта мафкура таъсирида улғайган тафаккурларнинг барчаси истиқлолга эришилган бугунги замонда ҳам ёт ғоялар қусурларидан тўла тозаланди, дея оламизми? Ҳозирги кунда ҳам ўтган мустабид даврни қумсовчи одамлар орамизда топилмайдими? Таассуфки, бу саволларнинг жавобларидан кўнглимиз тўқ эмас.

Бугунги кунда юртдошларимизда миллий ғурурни уйғотиш, ўз тақдирини ўзи белгилаш, ҳур ва озод яшашнинг қадру аҳамиятини чуқур англаш, ватанпарварликни кучайтириш ғоятда муҳим. Ушбу фазилатлар айнан Жалолиддин Мангуберди сиймосида уфуриб турибди. Улуғ саркарда Ватан ҳимояси, эрку озодлиги учун курашиб яшашнинг ёрқин тимсолидир.

Халқимизнинг ушбу мард ўғлони Чингизхонга илк бор 19-20 ёшларида рўбарў келган. 32-33 ёшида вафот этган бўлса, демак, у ҳаётининг 11-12 йили мобайнида 48 та жанг кўрган. Чингизхон ўз юришларида биринчи бор Жалолиддиндан енгила бошлаган. Жумладан, тўрт муҳорабада саркарда томонидан мўғул қўшинига қақшатгич зарба берилган. Ўша даврда Чингизхон аллақачон бутун ер юзида афсонага айланган эди. Айниқса, мусулмон халқларда ушбу ёғийга қарши туриб бўлмайди, улар яъжуж-маъжужлар, деган тушунча пайдо бўла бошлаганди. Жалолиддин Мангуберди мана шу қарашни пароканда этди. Чингизхонга қарши курашиш, уни мағлуб этиш мумкинлигини исботлади. Қалбларда эртанги кунга умид гулханини ёқди. Халқлар ўртасида ғайрат-шижоатни уйғотди. Бу ниҳоятда улуғ жасорат, жуда катта қаҳрамонлик эди.

Энг муҳим жиҳат шуки, Жалолиддин Мангубердининг бошига не бир мусибат тушмасин фақат ва фақат Ватан деди, унинг истиқлолини, истиқболини ўйлади. У Хоразмшоҳлар султони сифатида бошқа ҳукмдорлардан паноҳ сўраши, ўз жонини ҳатарга қўймасдан бирор саройда яшаб ўтиши ҳам мумкин эди. Бироқ у бундай қилмади, эътиқодига, буюк қалби амрига қарши бормади, эзгу мақсади учун курашди: бутун ер юзини титратиб турган Чингизхоннинг кўзига тик боқди, босқинчи душман устига от сурди. Қон ютди, қон тўкди, жон олди, жон берди.

Жалолиддин Мангуберди сиймосига бугун бутун турк дунёси катта эҳтиром билан қарайди. Бу сериални туркиялик киноижодкорлар билан ҳамкорликда суратга олишда муҳим аҳамият касб этди. Аввал асарни ўзимиз тасвирга олмоқчи бўлдик. Аммо бугунги томошабинни қониқтира оладиган даражадаги фильмни тасвирга олиш учун техник имкониятларимиз етарли эмас экан. Бу эса бизни изланишга, киносаноати ривожланган давлатлардан ҳамкорлар топишга ундади. Бугун қайси халқларнинг кино санъати оғир тош босмоқда? Жаҳон медиа бозорида айнан тарихий фильмлар ишлаётган қайси кинокомпанияларнинг маҳсулотлари харидоргир? Ушбу масалаларни атрофлича ўргандик. Натижада Туркиянинг “Боздағ фильм” компанияси билан ҳамкорликка келишилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси, оқилона ташқи сиёсати боис бугун Туркия билан ҳамкорлигимиз барча жабҳаларда, хусусан, санъат ва маданият соҳасида ҳам мутлақо янги босқичда изчил ривожланиб бормоқда. Халқимиз учун катта маънавий воқеликка айланиши кутилаётган “Мендирман Жалолиддин” сериалини суратга олишда ушбу давлат ижодкорлари билан ҳамкорлик қилингани бу борадаги ишларнинг яна бир амалий ифодаси бўлди, деб ўйлайман.

Айтиш керакки, “Боздағ фильм” компанияси томонидан суратга олинган тарихий фильмлар бутун дунёда севиб томоша қилинади. Шу сабаб ушбу компания томонидан ишланган картиналарга жаҳон кинобозорида талаб жуда юқори. Масалан, “Боздағ фильм”нинг “Курилуш Осмон” картинаси ҳали тасвирга олинмасидан аввал 80 та давлатга сотиб бўлинган. Дунёга машҳур ушбу компания билан ҳамкорлигимиз ўзбек киносининг жаҳонга чиқишига ҳам катта бир йўлак очиб беради, деган умиддамиз.

Бирга ишлаш жараёнида туркларнинг, хусусан, “Боздағ фильм” компанияси бош продюсери Меҳмет Боздағнинг Ўзбекистон тарихига ниҳоятда юксак ҳурмат билан қараши эътиборимни тортди. Турклар Ватанимиз ҳудудини “отатурк”, яъни ота-боболари замини деб атайди. Тарихимизни, аждодларимиз ҳаётини, шажарасини, қилган ишларини жуда яхши билади. Шу боис фильмни суратга олиш мобайнида катта қийинчиликлар юзага келмади. Тўғри, актёрларга кийим танлашда, Хоразмшоҳларнинг баъзи урф-одат ва анъаналарини намоён этишда айрим тортишувлар, баҳслар бўлди. Уларнинг ҳам фикрини эшитдик, асослаб берган таклифларини қабул қилдик. Энг муҳими, асарнинг бош ғояси, тарихий жараёнлар, улуғ бобомизнинг қилган ишлари, фазилатлари бор ҳолича намоён бўлди.

  • интернет сайтлари, ижтимоий тармоқларда Жалолиддин Мангуберди образини турк актёри ижро этганлиги турлича талқин этилмоқда. Шу ўринда бир жиҳатни инобатга олмоқ жоиз: Хоразмшоҳлар султонини нафақат ўзбеклар, балки Туркия, Эрон, Покистон, Озарбайжон, Кавказ халқлари ҳам ўз миллий қаҳрамони сифатида билади. Ҳатто Меҳмет Боздағга Покистон кино ижодкорлари ҳамкорликда Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм суратга олиш таклифи билан ҳам чиқишган. Лекин Ўзбекистон билан ушбу лойиҳа бошланганини эшитишгач, улар хурсанд бўлишибди. Ким қўл уришидан қатъи назар, улуғ саркарда ҳақида фильм тасвирга олинишини хоҳлаган эдик, сизлар бошлабсизлар, бундан жуда мамнунмиз, дейишибди. Ушбу фикрлар ўртага чиққанидан сўнг, бош қаҳрамон образини нейтрал ҳолатга олиб келиш таклифини қабул қилдик. Бу кенг кўламли аудитория эътиборини қозонишда, жаҳон кинобозорига чиқишда, тарихимиз, миллий тимсолларимиз тарғиботида, яъни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан катта самара беради, деб ўйлаймиз.

Бугунги кунда ҳам фильмни суратга олиш жараёнлари давом этмоқда. Туркиядаги 30 гектар майдонда барпо этилган “Боздағ фильм” платосида юртимизнинг XIII асрга оид муҳити жонлантирилган. Бу ерда баландлиги 5,5 метр бўлган икки қаватли Хоразмшоҳ саройи қурилган. Истанбулдан 750 км. масофадаги Оқсарой музофотида саҳро жанг саҳналари суратга олиняпти. Биз ушбу жараёнда катта қийинчиликларни енгиб ўта олдик. Ҳозирча сериалининг биринчи фасли 13 қисмдан иборат бўлади. Ушбу ижодий лойиҳани давом эттиришдан кўнглимиз тўқ. Сериални 13 та қисм билан якунламасдан, буюк аждодимизнинг бутун ҳаётини, унинг умри охиригача қилган эзгу ишларини, мардлиги ва жасоратини кинотасмаларга муҳрлаш ниятимиз бор.

Яқинда “Tashkent City”даги Конгресс-ҳолда “Мендирман Жалолиддин” сериалининг тақдимот маросими ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига сериалнинг биринчи қисми намойиш этилди. Томошабинларнинг юзидаги қувонч ва ҳаяжондан, билдирилган ижобий фикрлардан англадикки, картина уларга манзур бўлди.

Албатта, бу кунларга етиб келишнинг ўзи бўлмади. Пандемия шароити ижодий ишларимизнинг бир оз кечикишига сабаб бўлди. Лекин ҳамкорларимиз, ҳомийларимиз, қолаверса, ўзбек-турк ижодкорлари орасидан саралаб олинган истеъдодли актёр ва актрисаларимизнинг ғайрат-шижоати, сабр-тоқати, матонати туфайли ҳаракатларимиз ўз самарасини берди. Шунингдек, Миллий мас-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, ҳомий “Orient Finans Bank” раҳбарияти ҳам бизга яқиндан кўмаклашганини алоҳида таъкидламоқ жоиз.

Фильмнинг премьераси келаётган янги йилнинг бошларида телетомошабинларга тақдим этилиши режалаштирилмоқда. Юртдошларимиз ушбу асарда юрагимизнинг бир парчаси борлигини ҳис этишлари ва қалбларида буюк ўтмишимиз, ота-боболаримизга нисбатан улуғ бир меҳр-муҳаббат уйғонишидан умидвормиз.

 

Озодбек НАЗАРБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири,

“Мендирман Жалолиддин” лойиҳаси раҳбари.

Охирги янгиланиш: 30.10.2020 | 14:40