14 Октябрь 2020
Маданият вазирлигининг Бухородаги Карвонсарой атрофидаги қурилишга муносабати

Янги қурилаëтган бино Олимжон карвонсаройи обидасига тақаб қурилиб, бино жойлашган тарихий ландшафтни бузмоқда. Бу қурилишга Маданий мерос департаменти рухсат берганми?

 

Нима асосда рухсат берган? Қурилаëтган замонавий бино эгаси Бухоро прокуратурасида ишлаши инобатга олинса, ЮНЕСКО ҳимояси остидаги ҳудудда маъмурий босим билан НОВОДЕЛ иншоот қурилди, деган хулоса келиб чиқмоқда.

Ҳозир бино қураëтган прораб билан гаплашдим. Унинг айтишича¸ Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти Илмий кенгашининг 2019 йил 12 декабрдаги мажлис баëни 36-бандида замонавий 3 қаватли бино қурилишига рухсат берилибди. Лекин бу амалдаги қонунчиликка зид-ку?

(Ижтимоий тармоқдаги хабардан)

 

 

МАЪЛУМОТ

 

Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекцияси томонидан 2018 йил 19 январдаги 23-сонли хат билан Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқарма бошлиғи А.Иргашев номига қилинган мурожаатда “Олимжон” карвонсаройининг ғарбий томонидаги бўш ер майдонидаги қурилиш бўйича илмий-методик кенгаш хулосаси олиш учун мурожаат этилган.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш Бош бошқарма бошлиғи ўринбосари комиссия раиси А.Раҳмонов томонидан тасдиқланган 2018 йил 26 январдаги 14-сонли баёнига асосан “Олимжон” карвонсаройининг ғарбий томонидаги бўш ер майдонидаги қурилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари қайта тайёрлаш учун қайтарилган.

2018 йил 20 май куни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев томонидан ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг йиғилишда тасдиқланган баёнига биноан “PRIME REAL ESTATE” МЧЖга шаҳарнинг Хўжа Рангрез кўчаси ҳудудидан меҳмонхона қуриш учун истисно тариқасида танловсиз ер участкасини ажратиш тўғрисида, баённомага биноан Бухоро шаҳар хокимини К.Камолов томонидан 2018 йил 28 июндаги 2196-сонли ер ажратиш тўғрисида қарорлари қабул қилинган.

2019 йил 30 сентябрь Бухоро вилояти Маданият бошқармаси томонидан “PRIME REAL ESTATE” МЧЖ раҳбарига, “...режалаштирилган қурилиш ишлари бўйича Маданий мерос департаменти ҳузуридаги илмий – эксперт кенгашига лойиҳа ҳужжатларини тақдим этишингиз, ижобий хулоса олингандан сўнг иш олиб боришингиз ҳамда ўрнатилган тартибга риоя этишингизни сўраймиз” деган мазмунда хат берилган.

2019 йил 12 декабрь 6-сонли баённомада Бухоро шаҳар, Хўжа Рангрез
23-манзилда бўш турган ердан меҳмонхона қурилиши бўйича лойиҳа таклифи баландлиги ер сатҳидан 7 метр 10 см дан оширмаслик шарти билан ҳамда ҳудудий қурилиш бошқармаси ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик хулосасини олиш шарти билан маъқулланган бўлиб, назорати ҳудудий Маданий мерос бошқармасига юклатилган.

Юқоридагилар инобатга олиниб ҳужжатлар ўрганилганда, Хўжа Рангрез
23-манзилда бўш турган ер майдони кўрсатилган
Олимжон карвонсаройи атрофидаги Хўжа Рангрез кўчаси ҳозирда мавжуд эмаслиги, айни пайтда Гавкушон ва Намозгоҳ кўчалари мавжуд бўлиб, лойиҳа ҳужжатлари Маданий мерос департаменти томонидан тасдиқланмаганлиги, аксинча Бухоро шаҳар бош архитектори томонидан тасдиқланганлиги маълум бўлди.

Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан Бухоро шаҳар прокурори адлия маслаҳатчиси Ж.Н.Фозиловга 2020 йил 9 сентябрдаги 634-сонли хат ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигига 2020 йил 2 октябрда 648-сонли муаммоларни бартараф этиш мақсадида хатлар чиқарилган.

Ҳозирги кунда “Олимжон” карвонсаройининг ғарбий томонидаги бўш ер майдонида қурилиш атрофи тунука билан ўраб олинган бўлиб, ҳеч қандай чуқур қазиш, қурилиш ишлари амалга оширилмаган ва Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан 2020 йил 29 августдаги 1/15-сонли огоҳлантириш хати билан тўхтатиб қўйилган.

 

Охирги янгиланиш: 30.10.2020 | 14:40