27 Октябрь 2020
Шафоатхон Раҳматуллаеванинг саломатлигидан хавотирланишга асос йўқ

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти Шафоатхон ая Раҳматуллаева оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётганликлари ҳақидаги хабар тарқаб кетган эди.

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги актёрнинг оила аъзолари билан боғланиб аҳволи яхшиланганлигини, ҳозир онахон актриса Фарғона вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг оддий палатасида муолажа олаётганлигини аниқлади.

Онахон актрисамиз Шафоатхон Раҳматуллаева тезроқ тузалиб кетишларига тилакдошмиз.

 

Эслатиб ўтамиз, Шафоатхон Рахматуллаева ўз ижодий фаолияти давомида 150 дан зиёд турли характердаги ранг-баранг, катта-кичик ва бетакрор ролларни ижро этди.

У меҳнат фаолиятини Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида актёр сифатида бошлади. У ерда 10 га яқин бош ролларни ижро этди. “Нурхон” спектаклидаги Қумри, “Тўлиной”даги Тўлиной, “Алдар кўса”даги Қорасоч, “Тошболта ошиқ”даги Каромат, “Бир қизга минг ошиқ”даги Лочин образлари шулар жумласидан.

1971 йилдан Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар ўзбек давлат мусиқали драма театрида фаолиятини давом эттириб у ерда “Қорақум фожиаси” спектаклида Жамол, “Номи ўчсин”да Клементина, “Куёвнинг омонати”да Дилоро, “Бахтим менинг”да Ягона каби 10 га яқин катта-кичик ролларни ижро этди.

1975 йилдан яна Олим Хўжаев номидаги Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида ижодий фаолиятини давом эттириб “Сўнги фожиа”да Малоҳат, “Серғайрат кишилар”да Вера Сергеевна, “Оқибат”да Азиза, “Она қизим”да Лутфи хола, “Алишер Навоий”да Гули, “Ватан ишқи”да Нарзи, “Майсаранинг иши”да Майсара, “Ричард-III”да Елизавета, “Сўнмас юлдузлар”да Юлдуз, “Қайдасан жон болам”да Пошшо хола, “Қирол Лир”да Гонярилья, “Адолат куни”да Она, “Маъмура кампир”да Маъмура, “Амир Темур”да Қорақуш каби 30 дан зиёд бош ва етакчи ролларни маҳорат билан ижро этди.

2002 йилдан ҳозиргача Ҳамза номидаги Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида фаолият кўрсатиб театр репертуаридаги “Салим-Салима” спектаклида Қўшни аёл, “Тамға”да Адвокат, “Сеҳрли оҳанг”да Оқ момо, “Боғ”да Карима, “Берк кўча”да Ойниса, “Покликка даъват”да Она, “Найман она фожиаси”да Найман она ва “Сени куйлаймиз замондош” Республика театрлари фестивали мувофаққиятли қатнашган ёшларни ватанга муҳаббат ва ўз касбини севишга, катталар, ота-онани ҳурмат қилишга чорлайдиган “Орол момо” спектаклидаги бош роль Момо образларини маромига етказиб ижро этди.

Ш.Рахматуллаева театрдаги фаолияти билан бир қаторда кино ва видеофильмларда ҳам қатор роллар ижро этди. “Масхарабоз”да Ҳалима хола, “Пиёда”да Момо, “Оқ бино оқшомлари”да Она, “Орзу ортида”да Она, “Ўзимдан-ўзимгача”да Момо, “Севгинатор”да Хола, “Йиғламагин”да Қўшни аёл каби бир неча ролларни маромига етказиб ижро этиб кино ихлосмандлари орасида ҳам ўз муҳлисларига эга бўлди. Бугунги кунда у 100 га яқин ёш ижодкорларни етиштириб уларга ўз маслаҳатлари билан устозлик қилиб келмоқда.

Охирги янгиланиш: 23.01.2021 | 15:02