28 Октябрь 2020
Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони саҳналаштирилди

Каттақўрғон шаҳар драма театрида Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида Бухоро вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри Ғофур Мардонов томонидан саҳналаштирилган “Баҳром ва Дилором” спектакли жамоатчилик кўригига тақдим этилди.

 

Мазкур асар давлат буюртмаси асосида саҳналаштирилган бўлиб, асосий иш жараёни карантин даврида масофадан олиб борилди. Актёрларнинг маҳоратли ижроси, саҳналаштирувчи рассом Илҳом Рустамовнинг саҳна декорациялари томошабинни шоҳ Баҳром билан бирга етти кун, етти оламга сайёҳат қилдиради.

- Театр жамоаси билан “Баҳром ва Дилором” спектакли учинчи ҳамкорликдаги ишимиз бўлиб, бундан олдин 2010 йилда “Одамлар орасида”, 2018 йилда Чингиз Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” спектаклларида ҳам бирга ишлаганмиз, - дейди Ғ.Мардонов. – Шунинг учун спектаклдаги образларнинг ҳар бирини актёрларнинг ички оламида, қиёфасида кўра олдим. Айниқса, Баҳром ролини ижро этадиган актёрнинг айнан шу театрда борлиги ушбу асарни саҳналаштиришга туртки бўлди. 7 ой давомида спектакль устида маҳоратли актёрлар жамоаси билан иш олиб бордик. Асосий саҳналаштириш жараёнлари карантин даврига тўғри келганлиги учун ишлар масофадан олиб борилди. Аммо театрда устоз санъаткор Баҳодир Йўлдошевнинг мактаби шаклланганлиги, ўз касбининг фидойи жамоаси йиғилганлиги спектаклнинг муваффақиятини таъминлади. Менимча, спектаклнинг ютуғи ҳам шунда.

“Сабъаи сайёр” асари шоҳ Баҳром саройида айтилган ҳикоялардан иборат бўлиб, воқелик етти сайёра ва олам ҳақидаги тушунчалар билан чамбарчас боғланган.

“Баҳром ва Дилором” спектаклини театр жамоаси яқин кунларда кўп сонли ўз ихлосмандларига тақдим этишни режалаштирган.

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17