29 Октябрь 2020
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Ўзбек миллий академик драма театри директори этиб тайинланди

Айни вақтда театрда жамоаси билан йиғилиш ўтказилмоқда. Унда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков Ёдгор Саъдиевни Ўзбек Миллий академик драма театри директори лавозимига тайинланганини эълон қилди.

 

 

Маълумот ўрнида, Ёдгор Саъдиев 1946 йилда Тошкентда таваллуд топган.

Маълумот ўрнида, Ёдгор Саъдиев 1946 йилда Тошкентда таваллуд топган. 1989 йили Давлат мукофоти, 1990 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1998 йили “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, 2005 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2016 йили “Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони, 2018 йил “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан билан тақдирланган.

1971-1987 йилларда Ўзбек давлат академик драма театри актёри сифатида фаолият олиб борган.

1987-1992 йилларда Ўзбек давлат драма театрида ижод қилган.

1992-1998 йилларда яна Ўзбек давлат академик драма театрида ишлади. 1998-2012 йилларда “Қалқон” киностудияси бадиий раҳбари лавозимида фаолият юритган.

2012 йилдан бери яна Ўзбек миллий академик драма театрида актёр сифатида ишлаб келмоқда.

Ёдгор Саъдиев Миллий театрда саҳналаштирилган “Мирзо Улуғбек” спектаклида Француз элчиси, “Қароқчилар”да Карл Моор, “Уйланиш”да Кочкарёв, “Ғариблар”да Кичик ўғил, “Қор маликаси”да Эртакчи, “Оқ танликлар”да Конкистодор, “Бой ила хизматчи”да Ғофур, “Оловни ташлама, Прометей”да Прометей, “Юлдузли тунлар”да Бобур, “Меҳробдан чаён”да Абдураҳмон, “Ойна”да Арслон, “Келинлар қўзғалони”да Маъмур, “Тунги меҳмон”да Маҳмуд, “Имон”да Комилов каби 60 дан ортиқ ролларни юксак маҳорат билан ижро этган. У Миллий театрда “Ҳаёт эшик ортида”, “Тунги меҳмон”, “Алдагани хотини яхши” каби спектаклларни муваффақиятли саҳналаштирди.

2016 йили Бердақ номидаги Қорақалпоқ драма театрида “Имон” спектаклини муваффақиятли саҳналаштиргани учун “Қорақалпоғистон Республикаси халқ артиси” фахрий унвони билан тақдирланган.

Ёдгор Саъдиев кенг томошабинлар оммасига яқиндан танилишида телевидениенинг аҳамияти бениҳоя катта бўлди. Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган қатор телеспектакль, видеофильм ва бадиий фильмларда роллар ижро этиб, ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борди. Жумладан, “Дилбарим”да Абдусалом, “Қизил қумлар”да Юсуф, “Абу Али Ибн Сино”да Ибн Сино, “Алишер Навоий”да Бадиуззамон, “Сўнгги ўқ”да Жаҳонгир, “Гирдоб”да Йўлдош, Ичкуёв”да Ўринбой, “13 терак кўчаси”да Олимжон, “Енгилмас”да Шайх Жаъфар, “Армон”да Дадабўри, “Манжур варианти”да Жўра овчи, “Минархарлик Жўра овчи”да Тоғай, “Шайтанат”да Асадбек, “Иблис девори”да Иброҳим ота, “Жигарбандим”да Қодир каби 40 дан ортиқ роллар ижро этган.

Ёдгор Саъдиев ижоди ижтимоий, фалсафий ва ғоявий мазмун ила йўғрилган бўлиб, қаҳрамонлар хусусиятини, ижтимоий муҳит билан муносабатларини, ички дунёси ва кечинмаларини психологик ўткир тарзда талқин этиши билан ажралиб туради. Қаҳрамонга драматик хатти-ҳаракат, оҳанг, имо-ишора топа олиши, унинг ички ва ташқи томонини уйғунлаштира олиши билан диққатга сазовор.

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17