30 Октябрь 2020
Шаҳрисабз мозаика ва майоликалари

   Мозаика текис кошин ва тахталардан ҳосил қилинган. Тоштахталар бўёққа ботириб сирланган. Рангли сир керакли дастлабки бўёқ рангини олиш учун қўрғошин тузлар (оксидлар) ва бошқа металларни омухта қилиб, тайёрланган.

 

  Оловда унча юқори бўлмаган ҳароратда пиширилган. Нақш тушириш жараёни мураккаб бўлиб, жуда катта меҳнат талаб қилган. Юқори сифатли рангдан тайёрланган мозаикали элементлар олд томони билан сурат контурига жойлаштирилган. Мозаикали элементларни бир-бирига мослашда чок мутлақо бўлмаслиги керак. У устанинг текисланган қирраларини қиялатиб қўйишида текшириб борилган. Композиция нақши терилганидан кейин, унинг орқа томони замонавий энг мустаҳкам ашёдан қолишмайдиган гипс аралаш қоришма билан ёпиштирилган.

  Ҳозирги кунда XIV-XV асрларга оид мозаика ва майолика услубида ишланган кошин бўлаклари Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси фондида сақланмоқда. Бу осори атиқалар Амир Темур ва темурийлар даврида яратилган бебаҳо меросимизнинг ажралмас бир қисмидир. Уларнинг айримлари Чубин мадрасасида ташкил этилган "Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти"га бағишланган кўргазмадан жой олган. Ушбу экспонатлар ҳозирги кунда кўргазмага ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий сайёҳларда жуда катта таассурот қолдирмоқда.

 

Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси матбуот котиби Очилова Соҳиба

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17