05 Ноябрь 2020
Янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётида маданият ва санъатнинг ўрни

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6000-сон Фармони кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази, Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида “Янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётида маданият ва санъатнинг ўрни” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн конференцияси ўтказилди.

Конференциянинг асосий мақсади маданият ва санъат соҳасидаги ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришларни маданият ва санъат соҳаси вакилларига етказиш, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг ижросини таъминлаш, соҳага доир инновацион ғояларни амалга ошириш ва такомиллаштириш, шунингдек ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ва рағбатлантириш каби устувор вазифаларни таҳлил этиш ва таклифлар ишлаб чиқиш, ҳамда маданият ва санъат соҳасида кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишдан иборат.

Конференцияда Санъатшунослик фанлари доктори, профессор Оқилхон Иброҳимов “Мақом санъатининг истиқболлари масалаларига доир”, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов “Маданият ва санъат ривожида давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлиги: ҳуқуқий асос, амалиёт ва истиқбол”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, филология фанлар доктори, профессор Иброҳимжон Йўлдошев “Маданият ва санъат соҳасида малакали кадр тайёрлаш долзарб масала”, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Маданият ва санъат муассасаларини ташкил этиш ҳамда бошқариш” кафедраси фалсафа фанлар доктори, профессор Сайёра Тўйчиева “Миллий маданият тараққиётининг ҳуқуқий асослари”, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти таянч докторанти Шоҳрух Абдурасулов “Ўзбекистонда театр санъатини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар ва уларнинг маънавий янгиланишдаги ўрни”, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази директор ўринбосари Ҳамиджон Рўзибоев “Номоддий маданий мерос: халқ оғзаки ижоди намуналарини асрашга доир чора-тадбирлар”, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази бош мутахассиси Гулнора Ғаниева “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг бугунги кундаги методик таъминоти” ҳамда Тошкент вилояти Ангрен шаҳар маданият бўлими бошлиғи Шокир Миржалилов “Маданият марказлари ва уларнинг янгиланаётган Ўзбекистон тараққиётидаги асосий вазифалари” каби маърузалар билан иштирок этишди.

Семинар сўнгида иштирокчилар ва маърузачилар ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17