13 Ноябрь 2020
МАДАНИЯТ СОҲАСИДА ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ(МИ?)

Хабар берганимиздек, Маданият вазирлиги томонидан “Маданият тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий мажлис Қонунчилик палатасига тақдим қилинди.

Хўш, бу қонуннинг аҳамияти нимадан иборат? Агар ушбу қонун қабул қилинса, соҳада қандай ўзгаришлар юз беради. Биз ана шундай саволлар билан Вазирлик тизимидаги бошқарма бошлиқлари ва ходимларига мурожаат қилдик. 

Маданият муассасалари ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фарход Жўраев:

 

Биз бу қонун қабул қилинишини салкам ўттиз йилдан буён кутамиз. Мустақилликдан сўнг ҳар бир соҳани ривожлантириш бўйича қонунлар қабул қилинди. Аммо маданият соҳасида якдил, унинг ҳамма йўналишларини қамраб олувчи қонун бўлмади. Йўналишларга доир, масалан, маданий мерослар, музейлар фаолияти билан боғлиқ қонунлар бор эди, албатта. Лекин бу фарзандининг ҳужжати бўлиб, ўзи ҳужжатсиз юрган ота каби ҳолат эди.  

Қонун лойиҳасига Маданият марказларига доир модда ҳам киритилган, унга кўра фаолиятимизда халқ ижодиётини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, янги истеъдодларни кашф қилиш, оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш масалаларида тизимли фаолият юритишимиз белгилаб қўйилган. Бундан ташқари яна кўплаб янгиликлар кутилмоқдаки, қонун қабул қилинганида соҳа ходимлари учун муносиб совға бўлади.

 

Юридик бошқарма бошлиғи Улуғбек Бурханов:

 

Маданият соҳасидаги фаолиятлар 29 йил давомида  қонуности хужжатлар билан тартибга солиб келинди. Хорижий мамлакатлар, жумладан, соҳада илғор тажрибаларга эга Россия Федерацияси, Украина, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон каби Республикаларда маданият соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган, барча ҳуқуқий нормаларни ўз ичига қамраб олган “Маданият тўғрисида”ги ягона қонун қабул қилинган. Айни пайтда бизда ҳам соҳага доир қонун қабул қилиниши учун заруратлар етарлича.

Тақдим қилинган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданият соҳасидаги ваколатлари, Маданият соҳасидаги асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлар, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар, Маданият соҳасида халқаро ҳамкорлик, театр, цирк, маданият марказларининг фаолиятига доир ва бошқа бир қанча соҳага оид масалалар акс этган моддалар киритилди.

 

Концерт-томоша бошқармаси бошлиғи Анвар Тожибоев:

 

Қонун лойиҳасида Концерт-томоша фаолиятини амалга оширишга доир лицензия талаблари ва шартлари аниқ белгилаб берилди. Шунингдек, қонун лойиҳасида маданият соҳасидаги ҳар бир атамага аниқ изоҳ берилиб, унинг чегаралари белгилаб берилган.

Оддийгина бўлиб кўринган бу ҳодисанинг аҳамиятини йўналишимиздаги биргина мисол билан тушунтириб бераман. Мисол учун, бирор фестиваль ёки танлов ўтказиляпти. Унинг низомида ижодкорлар қатнашиши мумкин дейилган. Шунинг учун ўзини ижодкор деб санайдиган барча номзодлар қатнаша олади унда. Бунинг натижасида турли даражадаги қатнашчилар рақобатчи бўлиб қолади. Ва бу жараёнда профессионалларнинг ғолиб бўлиши эҳтимоли ошиб кетади. Бу нарса хаваскор ижодкорда эътироз пайдо бўлишига олиб келади. Аммо қонунда профессионал ва нопрофессионал ижодкор ажратиб кўрсатилгандан сўнг, низомга бу атама киритилса, яъни танловда профессионал бўлмаган ижодкорлар қатнашади дейилса, бу каби тушунмовчиликлар, кўпчилик наздидаги “адолатсизлик”ларга барҳам берилади. 

Қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда соҳада жуда кўп ўзгаришлар юз беради. Ва бу нарса халқимиз маданий ҳаётида янги бурилиш ясашига хизмат қилади. 

 

Бизнингча ҳам шундай. Қабул қилиниши узоқ йиллар кутилган қонун Маданият соҳасига янги ҳаво олиб кириш билан бирга соҳадаги муаммолар ечимини топиш учун пойдевор бўлади. Эслатиб ўтамиз, яқин кунлар ичида Қонун лойиҳасининг иккинчи ўқилиши бўлиб ўтади.

 

Маданият вазирлиги Ахборот хизмати 

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17