17 Ноябрь 2020
"Мирзачорбоғ" қароргоҳининг қайта тикланиши ҳақида Расмий баёнот

Бугун kun.uz сайтида  Карманада жойлашган Бухоро амирининг қароргоҳи ҳақидаги мақола эълон қилинди. Унда ушбу қадимий ёдгорлик хароба ҳолга келиб қолгани айтилади. 
 
”Мирзачорбоғ” қароргоҳи Кармана тумани ”Кўҳнақўрғон” МФЙ ҳудудида жойлашган бўлиб, Бухоро амири Абдулаҳадхон томонидан 1900-1905 йилларда барпо этилган.Бугунги кунда ушбу маданий мерос объекти ҳақиқатдан ҳам таъмирталаб аҳволда.  Шу боисдан "Мирзачорбоғ" қароргоҳи  2020 йилда маданий мерос объектларни таъмирлаш-тиклаш дастурига киритилганини маълум қиламиз.

Айни пайтда ёдгорликка доир лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, 2020 йил 4 ноябрдаги 01-О2-ФЖ/757-сонли йиғилиш баёнининг 5-банди билан тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги инженеринг компаниясига тақдим этилган. 

Маданий мерос объектларни таъмирлаш-тиклаш дастурига асосан, инженеринг компанияси томонидан
бинонинг сақланган том қисмини қайта тиклаш, 
бузилиб кетган қисмини анъанавий усулда тўлиқ тиклаш, 
сув кетиш йўллари ва бино атрофидаги ҳимоя йўлакларини таъмирлаш ишларини бошлаш учун бир млрд сўм ажратилиб, яқин кунларда тендер савдоларига кўйилиши режалаштирилган. 

Kun.uz журналистига маданий меросларимизга бўлган жонкуярлик учун миннатдорчилик билдириб, ушбу объектни 2021-2022 йилларда тўлиқ реставрация қилиш режалаштирилганини маълум қиламиз.

Маданият вазирлиги Ахборот хизмати

 

Охирги янгиланиш: 25.11.2020 | 19:17