24 Декабрь 2020
Вазирликнинг Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

Бугун, 24 декабрь куни Ўзбекистон давлат консерваторияси  мажлислар залида Маданият вазирлиги ва унинг тизим ташкилотларини 2020 йил якунлари бўйича йил сарҳисоби ва 2021 йилдаги устувор вазифалар юзасидан Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳайъат йиғилишининг кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-6000-сон Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4730-сон қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чора-тадбирлари Ҳайъат йиғилиши кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат театрларининг 2020 йил ижодий, ташкилий, маънавий-маърифий йўналишларидаги фаолияти якунлари ва 2021 йилга белгиланган устувор вазифалар тўғрисида маълумотлар мутасаддилар томонидан маълумотлар берилди.

Давлат музейлари ва уларнинг филиаллари фаолияти, улардаги муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими, музейлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифалар  ҳамда маданий мерос объектларида амалга оширилаётган консервация ва реставрация қилиш, улардан оқилона фойдаланиш ишлари юзасидан ҳисоботлар тингланди.

Шу билан бирга, 2021 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бўлиб ўтадиган "II Халқаро бахшичилик санъати фестивали"га тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ўрганиб чиқилди.

Бешта муҳим ташаббус доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, бадиий ҳаваскорлик жамоаларига “Халқ ҳаваскорлик” ва “Болалар намунали” жамоалари унвонини бериш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бир қаторда, Маданият вазирлиги тизим ташкилотларининг баҳолаш рейтинги натижалари эълон қилинди.

Қолаверса, таълим муассасаларида талабаларга дарс бериш жараёнларини ташкил этиш ҳолати, мавжуд моддий-техник базасидан оқилона фойдаланиш ҳамда юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш, Республика бахшичилик санъати маркази ва Республика Мақом маркази томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва 2021 йилдаги устувор вазифалари ҳамда соҳага инвестицияларни жалб этиш ва маданий туризмни ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар бўйича режалар ўрганиб чиқилди.

 

Ахборот ва матбуот хизмати

Охирги янгиланиш: 23.01.2021 | 15:02