30 Декабрь 2020
Маданият вазири Озодбек Назарбековнинг соҳа ходимлари ва фидойиларига Янги йил табриги

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Қадрли дўстлар!

Мана шу ҳаяжонли, файзли дамларда жонажон Ўзбекистонимизга янги – 2021 йил кириб келмоқда.

Ўз касбининг заҳматкашлари бўлган сиз, муҳтарам устозларни, юртимиз санъатини дунёга тараннум этишга астойдил бел боғлаган истеъдодли ёшларимизни, она Ватан равнақи йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган санъат ва маданият аҳлини янги йил билан чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга улуғ бойлик бўлган оилавий бахт ва саломатлик тилайман.

Якунига етаётган 2020 йилда бутун дунё, минг афсуски, оғир синовларни бошдан ўтказди. Бу офатдан озор чеккан юртдошларимизга сабру тоқат, вафот этган ҳамкасбларимизга Аллоҳнинг раҳмати ва шафоатини тилайман. Алоҳида таъкидлашни истардимки, “Covid-19” касаллигининг олдини олиш ва ундан ҳимояланишни тарғиб қилишда санъат ва маданиятимиз вакиллари катта жонбозлик кўрсатдилар.

Якунланаётган йилда ҳам давлатимиз ўз тараққиётининг янги босқичида маданият ва санъат соҳасига алоҳида эътибор қаратиб, унинг ривожланиши ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши ҳамда миллий маданиятимизни жаҳонга танитиш йўлида бир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.

Жорий йилда маданият ва санъат соҳасига оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг 8 та қарор ва фармойишлари қабул қилинди.

Хусусан, соҳада туб бурилиш ва ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Соҳа ходимлари мақомини ошириш мақсадида 15 апрель куни – Маданият ва санъат ходимлари куни этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикасининг “Маданият тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида маъқулланди.

Маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор
ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил этилди.

Ю.Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси Урганч филиали, Нукус опера ва бахшичилик мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Жорий йилда 15 та маданият маркази, 3 та театр, 4 та музей
ва давлат инвестиция дастури доирасида 8 та, жами 30 та маданият
ва санъат муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 75 та маданий мерос объектларида реставрация-концервация ишлари олиб борилди.

Келгуси йилда ҳам маданият ва санъат муассасаларига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чораларини кўрамиз.

2021 йилда 22 та театр ва маданият объектлари янгидан қурилади ва реконструкция қилинади. Давлат-хусусий шериклиги асосида 20 га яқин маданият маркази ва истироҳат боғлари фаолияти йўлга қўйилади.

Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ташкил этилади.

Оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари календарь режалари асосида ўтказиш йўлга қўйилади.

Келгуси йилдан бошлаб концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали ишга туширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида кўчма цирклар ҳамда ҳайвонот боғлари, ҳар бир туман ва шаҳарда ўлкашунослик музейлари ташкил этилади.

2021 йилда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш мақсадида соҳага ахборот технологияларни фаол тадбиқ қилиш, рақамлаштириш ишлари изчил давом эттирилади. Оммавий ташриф буюриладиган маданият ва санъат объектларига кириш учун электрон чипта жорий этилади.

Маданият ва санъат муассасалари янги дарсликлар,
ўқув-қўлланмалар, нота тўпламлари ҳамда мусиқа чолғулари билан таъминланади.

Бир сўз билан айтганда маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини ошириш асосий мақсадларимиздан бири бўлади.

Қадрли дўстлар!

Янги 2021 йил билан яна бир бор самимий муборакбод этаман! Барчангизга соғлик-омонлик ва хонадонингизга файзу барака тилайман!

Ватанимиз тинч-обод, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Янги йилнинг қадами қутлуғ келсин!

 

Маданият вазири,

Озодбек НАЗАРБЕКОВ

Охирги янгиланиш: 23.01.2021 | 15:02