05 Январь 2021
Миллий матолар жилоси

Қашқадарёда кўплаб ишлаб чиқарилган мато турларидан бири олачадир. Амир Темур ва темурийлар даврида тўқимачиликнинг ривожланиш даражаси юқори бўлган.

Ўша даврда ишлаб чиқарилган олача газламаси пахта толасидан тайёрланган. Асосан йўл-йўл чизиқлар билан безатилган олачага аҳолининг талаби катта бўлган. Шунингдек, ип газлама тури нафақат Шаҳрисабз, балки бутун Ўрта Осиёда XVI асрлардан бошлаб кенг тарқалган ва ХХ аср бошларида ўз аҳамиятини сақлаб қолган. Жуда оддий, лекин чидамли ушбу мато тури Шаҳрисабзда ва шаҳар атрофидаги қишлоқларда ишлаб чиқарилган.

Шаҳрисабз бу мато турини ишлаб чиқаришда ном қозонганлигини баъзи ўрта аср муаллифларининг асарларида ҳам кўриш мумкин. XVII асрда Москвага олиб борилган маҳсулотлар орасида олача матоси “пестрядь” номи билан машҳур бўлган. Олача ишлаб чиқаришга ихтисослашган асосий марказлар Қарши ва Шаҳрисабз бўлган. XIX аср охирида Шаҳрисабзда ипак газлама тўқиш билан кўпинча Ҳазрати Шайх гузарида яшовчи аҳоли шуғулланган. Шунингдек, Қарши шаҳридаги Зоғза гузарида ҳам кўпроқ олача ишлаб чиқарилган.

2017 йилнинг 17 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242 –сонли Фармони эълон қилинганидан кейин, Шаҳрисабз шаҳрида ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари янада такомиллашди.

Ҳозирги кунда ҳам ҳунармандларимиз томонидан олача матолардан ишлаб чиқарилган чиройли, бежирим маҳсулотлар хорижлик меҳмонларнинг диққат марказида турибди. Олача матодан тайёрланган буюмларнинг айримлари Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонаси фондида сақланмоқда.

Олача. ХIX аср.  Куйлакнинг ички томонида астар қўйилган. Ранги – яшил, кўк, оқ.

Олача. ХIХ аср.  Куйлак тик нуғай ёқа,сариқ, тўқ сиёҳ, пушти ва кўк рангда.

 

Шаҳрисабз давлат музейи қўриқхонаси маълумотлари асосида тайёрланди.

Охирги янгиланиш: 23.01.2021 | 15:02