06 Январь 2021
«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди

«Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди

Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида мамлакатда маданият ва санъат соҳасини жадал ривожлантиришнинг мутлақо янгича самарали тизим яратилди. Айтиш керакки, авваллари бу соҳада якдил, унинг ҳамма йўналишларини қамраб олувчи қонун даражасида ҳужжат бўлмаган. Маданият соҳасидаги фаолиятлар 29 йил давомида қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиб келинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, хорижий мамлакатларда, жумладан Россия Федерациясида, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Молдавия, Арманистон ва Украина каби Республикаларда маданият соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган барча ҳуқуқий нормаларни ўз ичига қамраб олган «Маданият тўғрисида»ги ягона қонунлари қабул қилинган.

Европа мамлакатларида, жумладан Германияда 2016 йилда «Маданий бойликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлса, Италияда «Маданий қадриятлар тўғрисида»ги қонун қабул қилинган.

Шунинг учун ушбу соҳага оид қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида халқаро ва хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқилди.

Такидлаб ўтиш жоиз маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётганди.

Мазкур Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишларини белгилаш, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини белгилаш, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлигини такомиллаштириш ва бошқа қатор муҳим ҳуқуқий нормаларни қамраб олинган.

Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар сифатида кўрсатилиб, уларнинг ваколатлари белгиланган.

Шунингдек, Маданият ташкилотлари, Маданият ташкилотларининг асосий тоифалари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг маданий фаолият соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Фуқароларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маданий фаолиятида иштирок этиши, Олис ҳудудларда маданиятни ривожлантириш, Маданият ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш, давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига «Миллий» ёки «Академик» мақомини бериш, маданият соҳасида халқаро ҳамкорлик, театр, цирк фаолиятига доир ва бошқа бир қатор соҳага оид нормалар акс этган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, маданият марказларига оид нормалар киритилган бўлиб, унга кўра соҳада халқ ижодиётини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, янги истеъдодларни кашф қилиш, оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш масалаларида тизимли фаолият юритиш белгилаб қўйилган.

Ушбу қонун билан «маданият ходими», «ижодкор», «ижодий жамоа», «ижодий фаолият», «маданий тадбирлар», «маданий тадбир ташкилотчиси» каби тушунчаларига илк маротаба аниқ таъриф берилмоқда.

Бу тушунчаларга аниқ таъриф бўлмаганлиги сабабли, амалиётда қонун ҳужжатларини ижросини таъминлашда қийинчиликларга, тушунмовчиликларга, ноаниқликларга сабаб бўлар эди.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши, маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш, соҳани тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларидаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.

Озодбек Назарбеков,

Маданият вазири

Охирги янгиланиш: 14.04.2021 | 17:23