21 Январь 2021
Ўзбекистон Республикасининг «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонунига таъриф

Сўнгги йилларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бўлганидек, маданият соҳасида ҳам туб ўзгаришлар юз берди. Маданиятнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилди. Халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш
ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урф-одатларимизни, тарихий, илмий, маданий меросимизни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жамиятни янгилаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор берилаётганлиги бу янгиланишларнинг жаҳон миқёсида эътироф этилишига сабаб бўлган омиллардан бири бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аввал маданият ва санъат соҳасида якдил, унинг ҳамма йўналишларини қамраб олувчи қонун даражасида ҳужжат бўлмаган. Маданият соҳасидаги фаолиятлар 30 йил давомида қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиб келинди.

Маданият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, маданият
ва санъат муассасалари, ижодий уюшма ва бирлашмаларнинг ҳуқуқий мақоми, ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳуқуқий база яратилмагани турли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.

Шунинг учун, Ўзбекистон Республикасининг «Маданий фаолият
ва маданият ташкилотлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади
ва асосий устувор йўналишларини, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатларини, истеъдод эгалари
ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, шунингдек, маданият ташкилотларини давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро алоқа
ва ҳамкорлигини такомиллаштириш ва бошқа қатор муҳим ҳуқуқий нормаларни қамраб олинган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,
Вазирлар Маҳкамаси, Маданият вазирлиги, «Ўзбеккино» миллий агентлиги ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маданий фаолият соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни амалга оширувчи органлар сифатида кўрсатилиб, уларнинг ваколатлари белгиланган.

Шунингдек, Маданият ташкилотлари, Маданият ташкилотларининг асосий тоифалари, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг маданий фаолият соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фуқароларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг
ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг маданий фаолиятида иштирок этиши, олис ҳудудларда маданиятни ривожлантириш,
Маданият ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш, давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига «Миллий» ёки «Академик» мақомини бериш, маданият соҳасида халқаро ҳамкорлик, театр, цирк фаолиятига доир ва бошқа бир қатор соҳага оид нормалар акс этган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, маданият марказларига оид нормалар киритилган бўлиб, унга кўра соҳада халқ ижодиётини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, янги истеъдодларни кашф қилиш, оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш масалаларида тизимли фаолият юритиш белгилаб қўйилган.

Ушбу қонун билан «маданият ходими», «ижодкор», «ижодий жамоа», «ижодий фаолият», «маданий тадбирлар», «маданий тадбир ташкилотчиси» каби тушунчаларига илк маротаба аниқ таъриф берилмоқда.

Ушбу тушунчаларга аниқ таъриф бўлмаганлиги сабабли, амалиётда қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашда қийинчиликларга, тушунмовчиликларга, ноаниқликларга сабаб бўлар эди.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши, маданият соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш, соҳани тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатларидаги мавжуд
қарама-қаршиликлар ва номувофиқликларни бартараф этиш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилади.

Қонун билан танишиш.

Охирги янгиланиш: 23.02.2021 | 14:12