09 Октябрь 2020
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув

Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси икки давлат ўртасидаги маданий мерос соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Маданият вазирлигида Эроннинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найирободий ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.


Расмий учрашув доирасида маданий мерос соҳасини асрашдаги Эроннинг катта тажрибасини инобатга олиб, ушбу соҳада икки давлатнинг тегишли муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш келишиб олинди. Келишувга биноан, Ўзбекистонга тегишли бўлган Эронда сақланаётган тарихий қўлёзмаларнинг факсимал нусхалари Ўзбекистонга, Ўзбекистондаги Эрон Ислом Республикасига тааллуқли қўлёзмаларнинг факсимал нусхалари Эронга тақдим қилинадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, маданият соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик томонлар вакилларининг турли маданий тадбирларда иштироки билан амалга ошириб келинмоқда.

Эрон вакиллари Ўзбекистонда ўтказиладиган Халқаро мақом анжумани, Халқаро бахшичилик санъати фестивали, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этган.

Хусусан, 2018 йил 5-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилган Халқаро мақом анжуманида Эроннинг “Настар” мусиқа жамоаси 2-ўринни қўлга киритди.

Ҳозирда, маданият соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини яратиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми лойиҳаси тайёрланиб Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилган.

Охирги янгиланиш: 10.05.2021 | 22:26