13 Октябрь 2020
ЎзМУ Археология кафедраси талабаларининг Шаҳрисабздаги маданий меросга оид амалиёти

Ҳозирги кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университетининг Археология кафедраси талабалари Шаҳрисабз давлат музей қўриқхонасида амалиёт ўташ ишларини олиб бормоқда. Музей қўриқхона мутахассисларидан археолог Аҳмад Тошев ва тарихчи Жасур Аҳмедовлар талабаларга 2700 йиллик тарихга эга бўлган Шаҳрисабз шаҳрининг ташкил топиши, тараққиёти ва бугунги кундаги истиқболлари ҳақида амалиётчиларга илмий асосларга таянган ҳолда маълумотлар бермоқда.

 

ЮНЕСКО рўйхатига олинган ва “Маданий мерос” рўйхатига киритилган археологик ва тарихий ёдгорликлар бўйлаб мазмунли экскурсиялар олиб боришмоқда. Айниқса, ушбу йилда ташкил этилган “Кеш тарихи ва маданияти” кўргазмасида жойлаштирилган эрамиздан аввалги VII-VI асрларга оид асори атиқалар ҳамда ўрта асрлар даврига оид ноёб экспонатлар амалиётчиларга катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шунингдек зардуштийлик даврига оид остадонлар, Узунқир мудофаа девори, Сангиртепа, Подаётоқтепа ҳамда Юмалоқтепа ёдгорликларидан топилган идишлар, ҳайкалчалар ва уй рўзғор буюмлари талабаларни мозийга бўлган қизиқишларини янада орттирди. Бундан ташқари Археология кафедраси талабалари музей қўриқхона фондида сақланаётган археологик топилмалар ва Шаҳрисабзнинг тарихий қисмида савлат тўкиб турган Соҳибқирон Амир Темурнинг қароргоҳи – Оқ Сарой, Амир Темур томонидан қурилган тарихий қалъа, XIV-XV асрларда қурилган Шамсиддин кулол ва Гумбази сайидон мақбаралари, Кўк гумбаз масжиди, Арслонхон хонақоси, Жаҳонгир мақбараси, Амир Темур соғонаси, Ҳазрати Имом, Қундузак, Эшонпир, Кунчиқар, Абдушукур оғалиқ, Малик Аштар масжидлари, Коба карвонсаройи, Чубин мадрасаси, Чорсу савдо гумбази, қадимий ҳаммом ҳамда шаҳарни ободонлаштириш пайтида аниқланган XIV асрнинг биринчи чорагига оид археологик ҳаммом қолдиқлари талабаларни ватанга бўлган қизиқишларини янада орттирди.

Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар тарихимизга ва маданий меросимизга бўлган эътиборни тобора оширмоқда.

Охирги янгиланиш: 10.05.2021 | 22:26