13 Октябрь 2020
Яккабоғ туманидаги археология мероси объектларининг хароб ҳолатига Маданият вазирлиги бефарқми?

Халқаро Олтин мерос”хайрия жамғармаси раиси Амирқул Каримов интернет орқали маданий мерос объектларининг бузилиб кетаётганлиги ҳақида ёзган.

 

Мамлакатимиз тарихига Жамғарма раисининнг бефарқ эмаслиги биз учун қувонарли ҳол, албатта. Аммо... Аммо ушбу маданий мерос объектлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидами? Мана асосий масала қаерда!

Археология объектлари Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан 2020 йил 4 октябрда Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси бошлиғи Ж. Халилов, бошқарма мутахассиси И. Юсупов, Қашқадарё вилояти маданият бошқармаси мутахассиси Ф. Эгамбердиев, холис Б. Мамадиевлар иштирокида комиссия тузилиб, ўрганиб чиқилди.

Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов томонидан интернет орқали эълон қилинган мақолаларда келтирилган археология мероси объектларини ўрганиш қуйидагиларни кўрсатди:

Оқтоштепа археология ёдгорлигига ҳеч қандай зарар етказилмаган. Объектнинг муҳофаза ҳудуди фуқаролар томонидан ноқонуний эгалланганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштирилиб, Яккабоғ туман прокуратурасига тақдим этилган. Халқаро Олтин мерос” хайрия жамғармаси балансида бўлган.

Довзатепа - Объектга зарар етказилмаган. Муҳофаза ҳудудида Қаҳрамон исмли шахс томонидан уй қуриб олинган. Объектнинг текислик қисмида фуқаролар томонидан бошқа жойдан тупроқ олиб келиниб, ғишт қуйилган.

Қорасувтепа - Объектнинг устки қисмига собиқ советлар даврида кинотеатр қурилган ва текисланиб асфальт қилинган. Кейинчалик Шодиева Розия сотиб олиб, тўйхонага айлантирган. Халқаро Олтин мерос” хайрия жамғармаси балансида бўлган.

Сандалтепа - Объектга фуқаро Соадатова Анора томонидан ўзбошимчалик билан уй-жой қурилган. 2017 йил 6 декабрда фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди ўзбошимчалик билан қурилган тураржой биносини Соадатова Аноранинг ўз ҳисобидан бузиб ташлаш ҳақида қарор қабул қилган. Сандалтепа атрофидаги ерларнинг аҳолига Халқаро Олтин мерос” хайрия жамғармаси ходимлари томонидан сотилганлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган. Ҳозирги пайтда бу ҳақда маълумотлар тўпланмоқда.

Чорданғитепа - Археология объектига ҳеч қандай зарар етказилмаган. Муҳофаза ҳудудидаги уй-жойлар 1980 йилларда қурилганлигини кадастр ҳужжатларидан ҳам билиш мумкин. Муҳофаза ҳудудига яқиндаги қурилган ёки хўжалик учун фойдаланилаётганлиги учун Халқаро Олтин мерос”хайрия жамғармаси балансида бўлганлиги билан боғлиқ.

Киндиклитепа - Объектга Яккабоғ тумани, Қатоғон қишлоғида жойлашган “Қатоғон келажаги” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси томонидан муҳофаза ҳудудига зарар етказилган. Амирқул Каримов “Маданий меросимиз вайрон қилинмоқда” сарлавҳа остида эълон қилган мақолада тилга олган Шляпатепа маданий мерос объектлари рўйхатида йўқ. Киндиклитепа эса Халқаро Олтин мерос”хайрия жамғармаси балансида бўлган.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг 2014 йил 23 августдаги Халқаро Олтин мерос”хайрия жамғармаси Яккабоғ тумани бўлимига 77 (етмиш етти) та маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун объектларнинг эгаллаб турган 301,72 га ер майдонини доимий фойдаланишга ажратиш тўғрисида”ги х-284/08-сонли қарори билан ушбу объектлар Халқаро Олтин мерос”хайрия жамғармаси балансига ўтказиб берилган.

Бундан келиб чиқадики, Амирқул Каримовнинг мақсади маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва сақлаш ишларида Маданият вазирлиги билан ҳамкоррлик қилиш эмас, балки ўзлари амалга оширган ноқонуний ишларни Маданият вазирлиги бўйнига қўйиш эмасмикин?!..

Ҳозирги кунда нафақат Халқаро Олтин мерос” хайрия жамғармаси балансидаги, балки бошқа ташкилотлар балансидаги, жумладан, “Вақф хайрия жамоат фонди” балансига берилган объектларнинг аҳволини ҳам қониқарли деб бўлмайди.

Зеро, балансига ўтказиб берилган объектлар учун маданий мерос объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар муҳофаза ва сақланишига масъул бўлиши керак.

Охирги янгиланиш: 10.05.2021 | 22:26